Саудия дрон ҳужуми ортидан асосий нефть қувурини ёпди
Олам
−
16:26 640 2 дақиқа
Саудия Арабистони муҳим нефть қувури дронлар ҳужумига учраганидан сўнг мамлакатнинг Шарқ-Ғарб нефть қувурини вақтинча ёпди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1,2 минг километр узунликдаги қувур Арабистон яримороли орқали ўтиб, Саудияга нефть танкерлари ҳаракати кескин чекланган Ҳормуз бўғозини четлаб ўтиш имконини берган. Саудия Энергетика вазирлиги қувур хавфсизлик чораси сифатида ёпилганини маълум қилган. Сўнгги ойларда ушбу қувур орқали кунига 4–5 миллион баррел нефть ташилган бўлиб, бу жаҳон нефть таъминотининг тахминан 4–5 фоизига тенг.
Қувурга ҳужум 10 сентябрь куни Ар-Риёд ва Мадина минтақаларида содир бўлган. Саудия ва Ироқ ҳукумати дронлар ҳужуми Ироқ ҳудудидан амалга оширилганини билдирган. Ҳужум учун ким масъул экани ҳозирча аниқ эмас.
Спутник тасвирларида Мадина жанубидаги қувур ҳудудидан қора тутун кўтарилаётгани кўринган. Саудия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум оқибатида айрим одамлар жароҳатланганини ва етказилган зарар баҳоланаётганини маълум қилган.
Ҳодисадан сўнг Ироқ ҳукумати минтақавий ҳарбий қўмондонни лавозимидан четлатди. Ироқ Бош вазири идорасига кўра, у Эрон билан чегарадош Майсон вилоятидаги ҳарбий операцияларга раҳбарлик қилган. Мазкур ҳудудда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиъа қуролли гуруҳлари таъсири мавжуд.
Саудия ҳозирча ҳужумга ҳарбий жавоб қайтармасликка қарор қилган. Бу қарор Ироқ Бош вазирининг илтимосидан сўнг қабул қилинган, бироқ Ар-Риёд ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур барча чораларни кўриш ҳуқуқини сақлаб қолганини билдирган.
Айни пайтда Ямандаги Эронга яқин ҳусийлар Қизил денгиздаги таъсирини кучайтирмоқда. “Reuters” суҳбатлашган Яман ҳукумати манбаларига кўра, Ҳусийлар Қизил денгизга киришдаги стратегик Перим оролини эгаллаб олган. Перим ороли Баб-ал-Мандаб бўғозида жойлашган. Унинг қўлга киритилиши ҳусийларга Қизил денгиз орқали ўтадиган кемалар ҳаракатига босим ўтказиш учун янада катта имконият бериши мумкин.
Қувурга ҳужум ва Перим оролининг эгалланиши минтақадаги вазиятнинг жиддий кескинлашувига олиб келиши мумкин. Ҳормуз бўғозидаги танкерлар ҳаракати ҳам АҚШ ва Эрон ўртасидаги олти ойлик уруш туфайли кескин камайган.
Ҳусийларнинг Қизил денгиздаги фаоллиги ва Ҳормуз бўғозидаги узилишлар Арабистон яриморолининг ҳар икки томонида энергия таъминотига босимни кучайтирди. Бунинг ортидан жаҳон бозорида нефть нархи яна бир баррел учун 100 доллардан ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонига Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида камида 73 киши жароҳатланганди.
Live
Барчаси