Саудия Арабистони қирғоқларида нефть танкери портлади
Олам
−
14 Декабрь 2020
4984Бугун, 14 декабрь куни Саудия Арабистонининг Жидда бандаргоҳи йўлидаги савдо кемасида портлаш юз берди. Бу ҳақда денгиздаги воқеаларни реал вақтда кузатиб борадиган “Dryad Global” портали хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, танкерлардан бири номаълум ташқи манбадан зарар кўрган, оқибатда портлаш ва ёнғин келиб чиққан. Гап 2008 йилда ишлаб чиқарилган “BW Rhine” танкери ҳақида кетмоқда, воқеа 14 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:40 да содир бўлган. “Хафния” кемаси капитани зудлик билан барча операцияларни тўхтатганини, экипаж қирғоқдаги ўт ўчириш бригадаси ёрдами билан ёнғинни ўчирганини таъкидлади. Бортдаги 22 денгизчидан бирортаси жароҳат олмаган.
Кема эгаси денгизга нефть оқиши юз бериши мумкинлигини тан олди, аммо бу маълумот ҳали тасдиқланмаган. Компаниянинг таъкидлашича, ҳозирча танкердаги нефть ҳажми портлашдан олдинги кўрсаткичга тенг.
Ноябрь ойи охирида Саудия Арабистони соҳиллари яқинида Мальта байроғини кўтарган юнон нефть танкери портлатилганди. Бу воқеа Яман билан чегара яқинидаги Қизил денгизда содир бўлган. Кема эгаси танкерга ҳужум уюштирилгани ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким зарар кўрмагани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси