Саудия Ҳукуматини танқид қилган аёл 34 йилга қамалди

Олам

image

Жорий йилнинг 15 август куни саудиялик аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Сальма аль-Шеҳаб Twitter’даги фаолияти учун 34 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этилишича, 33 ёшли аль-Шеҳаб қамоқдан чиққанидан сўнг яна 34 йил Саудия Арабистонидан ташқарига чиқмаслиги керак.

ALQST инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Буюк Британиядаги Лидс университетининг докторанти 2021 йил январь ойида ҳибсга олинган ва 265 кун давомида ихтисослаштирилган жиноят судига олиб келинмасдан сўроқ қилинган.

Аввалига у ўтган йил охирида олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди – ҳужжатларга кўра, аль-Шеҳабнинг апелляция аризасидан кейин бу муддат 34 йилга оширилган.

Саудия Арабистони прокуратураси уни жамоат тартибини бузиш, кенг жамоатчилик хавфсизлиги ва давлат барқарорлигига путур етказмоқчи бўлганларга ёрдам бериш, Twitter’да ёлғон ва туҳматга тўла миш-мишларни тарқатишда айблаган.

Ал-Шеҳабнинг судга айтишича, у олдиндан огоҳлантирмасдан, бир неча ой давом этган терговга юборилган, бир кишилик камерада сақланган. Ҳужжатларда айтилишича, икки фарзанднинг онаси суддан унинг болалари ва касал онасини парвариш қилиш зарурлигини ҳам инобатга олишни сўраган.

ALQST’нинг Мониторинг ва алоқа бўлими раҳбари Лина аль-Ҳатлоулга кўра, аль-Шеҳаб ўзининг синглиси Лужайн аль-Ҳатлоулни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинган. Унинг Twitter’даги аккаунтида “Виждон маҳкумлари ва дунёнинг барча мазлумлари учун эркинлик” деб ёзилган твит мавжуд. 

Лина Ал-Ҳатлоул баёнотида келтирилишича, бу “ёввойи ҳукм” Саудия Арабистони расмийларининг хотин-қизларнинг мавқеини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий тизимдаги ислоҳотлар ҳақидаги сўзларини масхара қилади ва “улар ҳалигача ўз фикрини эркин билдирган ҳар қандай одамни қаттиқ жазолаш билан банд эканликларини” исботлайди.

ALQST қироллик расмийларини Сальма аль-Шеҳабни озод қилишга, унга қўйилган барча айбловлар ва ҳар қандай қонуний чекловларни олиб ташлашга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб қилишни бас қилишга, фикр ва сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирган.

Жорий йилнинг 17 август куни АҚШ Давлат департаменти Матбуот котиби Нед Прайс идора ишни ўрганаётганини айтди.

“Аммо мен буни умумий масала деб айта оламан ва буни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ва қатъият билан айтишим мумкин: аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун сўз эркинлигидан фойдаланиш жиноят деб ҳисобланмаслиги лозим”, дейди Давлат департаменти Матбуот котиби Нед Прайс журналистлар учун бўлиб ўтган брифингда.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

704

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг