SAT имтиҳонидан юқори балл олган ёшларга олийгоҳга киришда грант берилади - Президент
Жамият
−
28 Июнь
9963Бугун, 28 июнь Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Йиғилишда маълум қилинишича, янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “А-левел” дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.
“Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “SAT ” имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элнинг энг нуфузли олийгоҳларига грант ютяпти. Энди бундай ёшларни ўзимизнинг олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз”, дейди Президент.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшларга чет тилидан имтиҳон топшириш енгиллашади. Жумладан, чет тили бўйича миллий сертификат (CEFR) олишда қўлда ёзиш имконияти бўлмаганларга компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.
Қайд этилишича, ёшлар халқаро олимпиадаларнинг назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришади. Лекин лаборатория машқларини бажаришда амалий кўникмалар кам бўлгани учун пастроқ балл оляпти. Энди Президент мактаблари агентлиги қошида “Олимпиадаларга тайёрлаш маркази” очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради.
Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратилади. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади.
Энг кўп иш ўрни яратган, фидойи ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради. Жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларни ўзи сайлайди.
Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга “бизнес пакет” қилиб беради, лойиҳани тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг стартапларига уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради. Ушбу ёш тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш ва айланма учун кейинчалик 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилади.
Шунингдек:
- Магистраль йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда дастлабки 6 ойда ёшларга ижара ҳақи ва солиқдан имтиёз берилади.
- Тадбиркорлар ҳам ёшлар учун бундай лойиҳа қиламан деса, жамғарма уларнинг кредит фоизини қисман қоплаб беради. Ушбу мақсадларга ҳам 10 миллион доллар ажратилади.
- Шунингдек, деҳқончиликни янгидан бошлаган 150 минг ёшларга тажрибали фермерлар ва уста деҳқонлар бириктирилиб, сердаромад ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўргатилади
- Ҳар бир истироҳат боғи, сайилгоҳ ва хиёбонларга бепул Wi-Fi ўрнатилади.
LiveБарчаси