Сариосиё ҳокими ҳам лавозимидан озод этилди
Жамият
−
01 Ноябрь 6187 2 дақиқа
Бугун, 1 ноябрь куни Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаев лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Халқ депутатлари Сариосиё тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам иштирок этди. Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу вақтга қадар Сариосиё тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Абдуқодир Донаев бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Вилоят раҳбари туман ҳокими вазифасига Одилжон Алмаҳамадович Ёқубов номзодини таклиф қилди. Унинг номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.

У тайинловга қадар вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Маълумот учун, Одилжон Ёқубов 1983 йилда Олтинсой туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини солиқлар ва солиққа тортиш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида солиқ органларида турли вазифаларда, хусусан, Денов ва Термиз туманларида Солиқ инспекцияси бошлиғи, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманига ҳамда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига янги ҳокимлар тайинланганди. Шунингдек, Оҳангарон шаҳри ҳокими ишдан олиниб, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланганди.
Бундан ташқари, Нарпай туманига шу пайтгача ҳокимлик қилиб келаётган Шербек Бўронов ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига янги ҳоким ишга киришди. Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими Икром Матиев ҳам ишдан олинди ва унинг ўрнига янги раҳбар қўйилди. Навбаҳор тумани ҳокими Азамат Ўроқов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига туманга янги ҳоким тайинланди.
Live
Барчаси