“Сардоба иши” юзасидан тергов 4 та версия бўйича олиб бориляпти – БП
Жамият
−
16 Май 2020
13625“Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши бўйича очилган жиноят иши бўйича тергов 4 та версия бўйича олиб бориляпти. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Халқаро пресс-клубнинг Сардобадаги фожиага бағишланган сессиясида айтиб ўтди.
Шамсутдинов ДХХ томонидан олиб борилаётган жиноят иши юзасидан дастлабки маълумотларни бериб, объект буюртмачиси “Сирдарёсувқурилишинвест” ДУК эканини, бош пудратчи сифатида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қарашли Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси қатнашганини маълум қилди. Қурилиш ишларига 28 та субпудратчилар жалб қилинган. Лойиҳачи сифатида “ЎзГИП” МЧЖ иштирок этган. Лойиҳа қиймати 1,2 трлн сўмга тенг бўлган ва маблағлар бюджетдан ажратилган.
Жиноят иши доирасида фожиа сабаби юзасидан асосий 4 та тергов версияси бўйича тергов олиб борилмоқда:
1. Лойиҳалашдаги хатоликлар;
2. Қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;
3. Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
4. Табиий офат.
Ҳозирда 4 та версияни текшириш юзасидан тегишли экспертизалар, тафтиш ва текширишлар тайинланган. Бугунгача 170 киши тергов гуруҳи томонидан сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинган. Жиноят иши доирасида 10 дан ортиқ экспертиза ва лаборатория таҳлилий-тадқиқотлари тайинланган.
Шу жумладан, сув омбори тўғони лойиҳага мос равишда қурилгани, эксплутация қоидаларига риоя этилгани, ҳисоботларда акс эттирилган эксплутация харажатлари ва уларнинг ҳақиқатда бажарилгани, молиявий ҳўжалик ҳисоботлари тўғри юритилгани текширилмоқда. Тўғоннинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш, сув ва тупроқнинг физик хоссаларини аниқлаш мақсадида тафтиш ва назорат ўлчовлари таийнланган.
Қурилиш ишларидаги материалларнинг сифатини аниқлаш мақсадида судга оид қурилиш-техникавий экспертиза тайинланган. Бундан ташқари, жиноят иши бўйича 25 тадан зиёд тегишли идора вакилларидан иборат мутахассислар жалб қилинган бўлиб, ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Гидротехник иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш соҳаси мутахассисларини жалб қилган ҳолда тўғоннинг ички ва ташқи қисми кўздан кечирилиб, унга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда.
Шу билан бирга тергов гуруҳи ва Ҳукумат комиссияси ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Тергов ишлари давом этяпти.
LiveБарчаси