Сирдарёда сув босган ҳудуддан 20 киши қутқарилди
Жамият
−
02 Май 2020
8878Хабарингиз бор, кеча, 1 май куни Сирдарё вилоятида “Сардоба” сув омборидан сув сизиб чиқиб, тошқин юз бериши натижасида 11 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат бўйича маълумотларрни бериб боряпти.
Сўнгги хабарларга кўра, жабрланган аҳолига зарурий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш мақсадида, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида “1250” ва Сирдарё вилоятидаги “1205” Call-марказ фаолияти йўлга қўйилиб, мурожаатлар қабул қилинмоқда. Ҳозирга қадар фуқаролардан жами 400 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг мурожаатлари бўйича тизимлаштирилган ҳолда зарур тадбирларни ташкил этиш юзасидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штабига ахборот киритиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари томонидан фавқулодда вазиятдан жабрланган аҳоли учун озиқ-овқат, дори-дармон, кўрпа-тўшак, қурилиш материаллари, муҳандислик техникасидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари шакллантирилган бўлиб, ҳозирда ушбу юклар Сирдарё вилоятига олиб келинмоқда. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жами 1000 ўрин сиғимига эга палаткалар, кўрпа-тўшак ва яшаш жиҳозлари, 11 та махсус техника Сирдарё вилоятига юборилди.
Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни белгилаган ҳолда куч ва воситалар гуруҳи шакллантирилмоқда.
Яна бир муҳим маълумотлардан шуни келтириб ўтиш лозимки, қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишларида 20 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт ходимларига топширилди.
Ҳозирда Сирдарёда “Сардоба” сув омбори дамбасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Вазият юзасидан қўшимча ахборотлар бериб борилади.
LiveБарчаси