Санкт Петербург губернатори Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади (видео)
Жамият
−
09:03 12459 1 дақиқа
Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Петрозаводская кўчасидаги уйдан деразадан йиқилиб тушган болани қутқариб қолган ўзбекистонлик эркак Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади. Бу ҳақда 24 февраль куни шаҳар маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
Ибодуллаев “Қутқарувдаги жасорат учун” кўкрак нишони ҳамда губернаторнинг эсдалик соати билан тақдирланган.
“Қилган ишингиз учун сизга миннатдорлик билдирмоқчиман – бу ҳақиқий мардликдир. Сиз ўзингизни ўйламадингиз. Ўзингиз жароҳат олдингиз, аммо етти ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолдингиз. Бутун шаҳримиз сизга катта раҳмат айтмоқда. Бундай эзгулик ҳеч қачон унутилмайди. Оилангиз сиз билан фахрланади”, деган губернатор.
Ҳодиса 22 февраль куни Санкт-Петербургнинг Петрозаводская кўчасида содир бўлган. Бола очиқ дераза ёнида ўйнаб турган ва кейин сирғаниб кетиб, карнизга осилиб қолган. Уни ҳовли супурувчиси пайқаб қолган. Бола қўлида кучи қолмай, ушлаб тура олмай қўйган пайтда Ибодуллаев уни қўллари билан тутиб қолган. Ҳозирда бола оғир, аммо барқарор ҳолатда жонлантириш бўлимида.
Эркакнинг бу жасорати Ўзбекистонда ҳам эътироф этилган: Шавкат Мирзиёев уни “Жасорат” медали билан тақдирлаган. Шунингдек, Ибодуллаев бир миллион рубль миқдоридаги пул мукофоти билан Тигран Кеосаян номидаги мукофот лауреати бўлди. У олинган пулларни Ўзбекистондаги қизлари ва бетоб отасига юборган.
Live
Барчаси