СамДУ муаммолари автобусда ҳал этилмоқда

Жамият

image

Хабарингиз бор, кеча, 10 июль куни айрим ОТМларга ҳужжат топшириш жараёнида абитуриентларнинг узундан-узун навбатлари юзага келгани ҳақида маълум қилган эдик. Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига ДТМнинг ҳужжат қабул қилишдаги онлайн тизимида келиб чиққан носозликлар сабаб бўлгани айтилаётган эди. Бундай ҳолатни Самарқанд давлат университетидаги қабул жараёнида ҳам кузатган эдик.

Бу каби ёқимсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси олий ўқув юртига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентларни рўйхатга олиш хизматини энди мобиль восита орқали ҳам амалга оширмоқда.

“Жорий йилда давлат хизматлари марказлари орқали республикамиздаги бешта олий ўқув юрти – Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат университети, Гулистон давлат университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Фарғона давлат университетига абитуриентлар рўйхатга олинмоқда. Бу йил абитуриентлар ҳар йилгидан кўплиги ва қабул комиссияларида навбатлар кўпайиб кетгани сабабли 9 июлдан бошлаб марказларда 24 соатлик режимда бу хизматни кўрсатиш йўлга қўйилди. Натижада кейинги икки кун давомида туман ва шаҳарлардаги ДХМлар орқали 4200дан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. 10 июль куни куннинг иккинчи ярмидан бошқармамизнинг давлат хизматлари кўрсатишга мослаштирилган автобуси орқали абитуриентларни рўйхатга олишда кўп навбат кузатилаётган жойларда ҳам иш бошладик”, дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси И.Нарзуллаев.

Бу автобусда бир вақтнинг ўзида уч нафар абитуриентни рўйхатга олиш имконияти мавжуд. Таълим муассасасини аввалги йилларда битирган абитуриентлар тўлайдиган тўлов ҳам шу ернинг ўзида қабул қилинмоқда. Айни пайтда автобус орқали Университет хиёбонида ёшларга хизмат кўрсатилмоқда.

Олдинроқ, Сурхондарё вилоятида ҳозиргача ҳужжат топширганлар орасида энг ёши кекса абитуриент рўйхатга олингани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ ДТМ Давлат хизматлари агентлиги

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг