Самарқандлик сайловчилар Экопартияни қўллаб-қувватлайди
Жамият
−
18 Октябрь
1632Самарқанд шаҳрида экологик муаммоларга қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ўз олдига катта мақсадлар қўйган ва бу йўлда фаол ҳаракат олиб бораётган Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган вазифаларни кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилишга бағишланган сайловолди оммавий тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раҳбарияти, ҳудудий ва туман (шаҳар) партия ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртлари талаба ёшлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташкилотлар вакиллари, экофаоллар, кўнгиллилар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
“Табиат учун бирлашайлик!”, “Соғлом келажак учун!”, “Халқимиз яшилликни танлайди!” каби шиорлар билан кенг жамоатчилик Ўзбекистон Экологик партиясини қўллаб-қувватлашини, партиянинг дастурий мақсадлари ҳаётий зарурат ва бугунги кун учун нақадар муҳимлигини қизғин намоён этди.
Оммавий тадбир аввалида "яшиллар" партияси раиси барчани жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга чақирди. Самарқанд шаҳри ер юзининг сайқали ҳисобланиши, унинг халқаро майдонда ҳам тамаддун бешиги сифатида қайд этилиши, вилоятнинг ўзига хос табиати, тупроқ-иқлим шароитига эга эканини таъкидлаб ўтди.
Партиянинг Сайловолди дастурида вилоят, бу ерда яшаётган аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, тоза ва мусаффо ҳаёт кечиришлари учун шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилган. Хусусан, шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмини қонунда аниқ белгилаш, шунингдек, дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Оммавий тадбирда сўзга чиққан эл ардоғидаги инсонлар, таниқли шахслар табиатнинг бугунги овози ушбу дастурий вазифаларни амалга оширишга даъват этаётганини алоҳида қайд этди ҳамда бўлажак сайловда яшил ва мусаффо, соғлом ҳаётни истаганларнинг барчасини Ўзбекистон Экологик партиясини ва унинг номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирди.