Самарқанддаги қатор туман ва шаҳарларнинг чегаралари ўзгаради
Жамият
−
22 Февраль 12497 2 дақиқа
Бугун, 22 февраль куни бўлиб ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманларининг чегараларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Самарқанд шаҳрида “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, Самарқанд шаҳридан ўтган Зарафшон дарёси қирғоғи бўйлаб 15 км узунликдаги масофада қиймати 10 млрд долларлик “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш режа қилинган.
Мажлис давомида кўриб чиқилган масалада вилоятнинг Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилган.
“Натижада амалдаги 252 гектардан иборат “Ширин” мавзеси ҳудуди кенгайтирилиб, жами 665 гектар майдонни ташкил этади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, тасдиқланган режа бўйича Самарқандда 180 минг аҳолига мўлжалланган жами 60 мингта хонадондан иборат 254 та кўп қаватли уйлар, 45 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши режалаштирилган ва ушбу қурилиш ишлари 3 та босқичда олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 13 март куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар ер майдонлари Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент тумани таркибига ўтказилганди. 22 август куни эса Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан Янги Тошкентни барпо этиш учун яна умумий ҳисобда 158,67 гектар ер майдони ажратилди. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг 2024 йилнинг 22 октябрдаги тегишли қарори билан Юқори Чирчиқ туманидаги 110,4 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилган ҳамда унинг тоифаси ўзгартирилган, доимий фойдаланиш учун “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси”га ажратиб берилган.
Live
Барчаси