Самарқандда заҳарланганлар сони 26 нафарга етди

Жамият

image

Аввалроқ, Самарқанд вилоятида 24 киши овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда заҳарланганлар сони 26 нафарга етди. Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Жорий йил 7 октябрь куни соат 14:10 дан 8 октябрь сооат 24:00 га қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 26 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар мурожаат қилишган.
Улар “Овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган бўлиб, беморларга малакали шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.  

Мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан ўтказилган бирламчи эпидемиологик суриштирув натижасида қуйидагилар аниқланди.

Шифохонага мурожаат қилган фуқаролар жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 13:00 ва 17:30 оралиғида Самарқанд шаҳридаги Сиёб деҳқон бозори ҳудудида жойлашган “Бахтиёр” МЧЖга қарашли хот-дог тайёрлаш шохобчасидан хот-дог ва шаурма маҳсулотларини истеъмол қилишган. Мазкур шохобча ўрганилганда, шохобча ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва хот-дог маҳсулотлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

"Мутахассисларимиз томонидан мазкур хот-дог шохобчаси атрофидаги хонадонларда хот-дог ва шаурма маҳсулотларини ҳарид қилиб, истеъмол қилган фуқароларни аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббиёт ходимларини жалб этган ҳолда, уйма-уй кўриклар ташкил этилди", дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

“Бахтиёр” МЧЖда бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тегишли ҳужжатлар тўпланиб, буюртма тайёрланди.

Беморларнинг аҳволи, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади. 

Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқандда овқатдан заҳарланганлар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар