Самарқандда ЙПХ ходимини судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди (видео)

3-саҳифа

image

Самарқандда йўл-патрул хизмати инспекторининг қўлини автомобиль ойнаси орасида қисиб, машинани бошқариб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 5 август куни соат 12:30 ларда Самарқанд шаҳри Регистон кўчасида содир бўлган. Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими йўл белгисига амал қилмай ҳаракатланган Spark автомобилини тўхтатган. Инспектор ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Бироқ ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабини бажармаган. Шундан сўнг, инспектор ҳужжатларни яна сўраб, қўлини автомобиль ойнаси томон узатган.

Шу вақтда ҳайдовчи ойнани қасддан ёпиб, ходимнинг қўлини ойна ичида қисилган ҳолатда қолдирган ва автомобилни бошқариб кетган. Машина тахминан 60 метр ҳаракатланганидан сўнг тўхтатилган. Ҳайдовчи эса воқеа жойидан яширинишга уринган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида автомобиль ва унинг ҳайдовчиси аниқланиб, қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Ҳайдовчи ўз қилмишидан пушаймон эканини айтиб, ЙПХ ходимлари ва унинг оила аъзоларидан узр сўраган.

“Қўрққанимдан қочган эдим. Бунақа бўлади деб ўйламагандим. Кечирим сўрайман. Бошқа бу ҳолат такрорланмайди. Қилган ишимдан пушаймонман”, деган ҳайдовчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрида йўл-патрул хизмати ходимининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган Onix ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дўконга урилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг