Самарқандда Россия Бош консуллиги очилади
Жамият
−
30 Август 4032 1 дақиқа
Яқин кунларда Самарқанд шаҳрида Россия Бош консуллиги очилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ташкил этилган учрашувда маълум қилди.
Вазир ўринбосари Рябков буни Россия-Ўзбекистон алоқаларини, жумладан, минтақавий миқёсда кенгайтиришга ўзаро интилишнинг тасдиғи деб атади.
“Россиянинг Самарқандда Бош консуллигини ташкил этиш бўйича ишлар якунланмоқда. Бош консуллик яқин кунларда очилади. Бу икки томонлама алоқаларни, жумладан, минтақавий миқёсда кенгайтиришга интилишнинг яна бир тасдиғидир”, деган у.
Маълумот учун, ушбу консулликни очиш ҳақидаги ҳужжатга Россия Бош вазири Михаил Мишустин 2024 йилнинг 13 февраль куни имзо қўйган эди. Орадан 1 йилдан ортиқ вақт ўтиб, консулликни очиш учун ишлар деярли якунланмоқда. Бу расмий Москванинг Ўзбекистондаги илк консуллиги бўлади.
Россияда эса Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидан ташқари олтита Бош консуллиги мавжуд. Улар Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Ростов‑на‑Дону, Санкт‑Петербург шаҳарларида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси