Самарқандда Gentra билан дрифт қилган “ВОР”лар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 Апрель 6657 2 дақиқа
Самарқандда Gentra’га ясама рақам тақиб, кўчада дрифт қилган йигитлар ушланди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 апрель куни тунги соат 2:00 ларда ҳайдовчи 01 666 VOR ясама рақамини тақиб, Gentra’да ўртоқлари билан Самарқанд шаҳар Университет хиёбони кўчаси бўйлаб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Шунингдек, улар ҳаракат давомида 4 марта “қизил”дан ўтиб кетган. Машинада бўлган йўловчилардан бири эса йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан хизматда фойдаланиладиган таёқча билан танасини машина люкидан чиқарган. Улар қилган ишини қўл телефонида видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган.
“Соат 2:00 да уйдан чиқдим. Ясама давлат рақамини Instagram’дан 450 мингга “заказ” қилдик. Биз тўрт киши бўлиб кетдик. Жўрам “бульварга ҳайда, зўр иш қиламиз, просмотр йиғади, Instagram’га қўямиз”, деди. Қарама-қарши йўлда ҳаракатланиб, машиналар устига ҳайдадик. Жўрамга люкни очиб бердим, у “жезл”ни олиб, машинанинг устидан ўйнатди, тўртта қизил чироқдан ўтиб кетдик, мен “ручник”ни тортиб, автоуловни дрифт ҳолатига келтирдим. Бир кун ўтди. Жўрамнинг телефонидан видеоларни ўзимга юклаб олдим, кейин Instagram канал очиб, жойлай бошладим”, дейди йигитлардан бири.
Билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддасининг (йўл безорилиги) 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида олиб борилган суриштирув ишлари натижасида сохта давлат рақам белгиларини ясаб, ҳайдовчиларга сотаётган шахслар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси