Самарқандда 7 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлаш ортидан газ идораси ходимлари қамалди

Олам

image

Самарқанд вилоятининг Саманқанд шаҳрида бир оиланинг 7 аъзосини ҳалок қилган портлаш иши ортидан газ идораси раҳбари ва унинг 3 нафар ходими 7 йилга қамалди. Бу ҳақда “Замон” хабар берди. 

Маълум қилинишича, уйда портлаш содир бўлгунга қадар хонадон аъзолари газ ҳиди сизиб чиқишидан безовта бўлиб, идорага қайта ва қайта – 11 маротаба мурожаат қилган. Бироқ идоранинг масъул ходимлари ушбу мурожаатга бепарволик билан ёндашган ва портлаш содир бўлгунга қадар ҳеч қандай чора кўрилмаган. 

Суд ҳужжатларида таъкидланишича, 2024 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Спитамен шоҳкўчаси ва 160-уй атрофидаги хонадонларни газлаштириш ишлари лойиҳа ва техник шартларсиз амалга оширилган. Ёлланма усталар ёрдамида ноқонуний тарзда автомобиль йўли остига газ қувури ётқизилган. Қувур тегишли хулосаларсиз ва хавфсизлик қопламасисиз ер остига туширилгани ҳамда тармоққа ноқонуний улангани аниқланган. Қувурда 7 та тешик пайдо бўлиб, табиий газ марказий оқова қудуғига сизиб чиққан. 

Даҳшатли портлаш ортидан “Ҳудудгаз Самарқанд” таъминоти филиали Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари ва 3 ходими Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларга 3 йил давлат иштирокидаги корхоналар ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолаверса, портлашдан зарар кўрган фуқаролар фойдасига газ таъминоти корхонасидан қарийб 6 млрд сўм ундириш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеа жорий йилнинг 9 май кунига ўтар кечаси Самарқанд шаҳар, “Боғисарой” МФЙ, Спитамен кўчасида жойлашган уйларнинг бирида содир бўлганди. Чақнаш оқибатида ҳосил бўлган кинетик зарбадан уйнинг темир-бетон конструкциялари қулаб тушган. Уйнинг 1,2,3-чи қаватлари ва ертўла қисми зарарланган. Ёнғин содир бўлмаган. Вайроналар тагидан жасадлар олиб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саманқанд Ҳудудгаз Самарқанд Спитамен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар