Самарқандда 50 яшар велосипедчи ЙТҲ қурбони бўлди
Жамият
−
15 Декабрь 2019
4032Самарқандда автомобиль йўлини велосипедда кесиб ўтаётган 50 яшар эркак ЙТҲга учраб, оқибатда воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Воқеа жорий йилнинг 12 декабрь куни тахминан соат 19:45 ларда содир бўлган. Фуқаро 28 ёшли С.М. Matiz русумли автомашинасида “М-39” “Олма ота-Тошкент-Термиз” автомобиль йўли бўйлаб “Тошкент-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётганида, йўлнинг Жомбой туман “Қорамўйин” маҳалласи ҳудудидаги 1061 кмда пиёдалар ўтиш жойидан чапдан ўнг томонга кесиб ўтаётган велосипедчи 50 ёшли Ҳ.Б.ни уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган. Натижада велосипедчи Ҳ.Б. тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жомбой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.