Самарқандда 185 минг АҚШ долларига ер сотмоқчи бўлган раҳбар ушланди
3-саҳифа
−
28 Январь 4997 2 дақиқа
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 3,7 гектар ерни 185 минг АҚШ доллари эвазига сотмоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Ички ишлар бош бошқармаси, Жиноят қидирув бошқармаси, Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига фуқаро О.Ф.дан мурожаат келиб тушган.
Вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Пайариқ туманидаги “Х.Д” фермер хўжалиги раҳбари Х.Б. фуқаро О.Ф.га ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги ҳисобидаги 3,7 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувли ер майдонининг ҳар бир гектарини 50 минг АҚШ доллари – жами 185 минг АҚШ доллари эвазига сотишини ва мансабдор танишлари ёрдамида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб, келишилган пул ҳисобидан бўнак (аванс) тариқасида 10 минг АҚШ доллари олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси кам таъминланган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш учун ажратилган ернинг бир қисмини сотаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси