Турдимов жойида турадими? Изоҳ берилди
Жамият
−
24 Август 2023
22463Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимини тарк этаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев мазкур хабарга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Эркинжон Турдимовнинг бошқа ишга ўтаётгани ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз ва вилоят раҳбари ўз фаолиятини одатий режимда давом эттирмоқда.
“Ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифалардан бундай асосланмаган ахборотни тарқатмаслик сўралади. Вилоят раҳбари ўз фаолиятини одатий режимда давом эттирмоқда. Кенг жамоатчиликдан ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, турли тахмин ва талқинлардан иборат хабарларга ишонмасликни сўраймиз”, дейилади муносабатда.
Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 2018 йилнинг июль ойида Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган. Тайинловга қадар у Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган. Унгача эса 1991 йилдан 1995 йилгача “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ҳудудий бўлимларида фаолият кўрсатган.
Турдимов 1995-1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари, 1996 йилдан 2000 йилгача Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Навоий бўлимида бошқарувчи вазифасида ишлаган. 2000 йилдан 2008 йилгача эса Хатирчи тумани ҳокими бўлган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 август куни Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси, аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюриши ҳақида хабар берилган эди. Ташриф давомида таълим масканларидаги шароитлар, янги иншоотлар, саноат корхоналари ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари кўздан кечирилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси