Самарқанд шаҳри Хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилмади
Жамият
−
05 Июль 2019
5787Кеча, 4 июль куни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг (БМҚ) Озарбайжоннинг Баку шаҳрида ўтаётган 43-сессиясида Ўзбекистон томонининг “Бухоронинг тарихий маркази” ва “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объектларининг сақланганлиги тўғрисида тақдим қилган ҳисоботлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекисон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарорларда Ўзбекистон раҳбариятининг бутунжаҳон мероси объектларини ҳимоя қилиш борасида кўраётган чоралари, жумладан, тарихий шаҳарларда қурилиш ишларини олиб боришга мораторий эълон қилиниши тўғрисидидаги ҳукумат қарори маъқулланади.
ЮНЕСКОнинг Бухоро шаҳри бўйича резолюциясида Бутунжаҳон мероси объекти бўйича Бошқарув қўмитаси ва юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш учун Идоралараро мақсадли гуруҳнинг ташкил этилганлиги мамнуният билан қайд этилган.
Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда Ёдгорлик ва қадамжоларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш (IKOMOS)нинг Бухоро шаҳри борасидаги тавсияларини бажариш бўйича Ўзбекистон томони сезиларли ишларни амалга оширган. Хусусан, халқаро мутахассислар билан биргаликда шаҳарни сақлаш бўйича зарурий ҳужжатлар тузиб чиқилди. Улар яқин орада ЮНЕСКОга тақдим этилади.
Самарқанд борасидаги ҳужжатда БМҚ Бутунжаҳон мероси маркази ва IKOMOS`га 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитини ўтказиш учун Ўзбекистон томонининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларини “устуворлик асосида” кўриб чиқиш вазифасини қўйди.
Мазкур банд шаҳарни ривожлантириш борасида ҳозирда халқаро мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган режаларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилишини таъминлайди.
Резолюцияга Самарқанд шаҳрини Хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш тўғрисида хеч қандай қоида қўшилмади.
LiveБарчаси