Самарқанд – Бухоро йўналишида пулли автомобиль йўли қурилади
Жамият
−
11:43 656 2 дақиқа
Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўлини қуриш режалаштириляпти. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган Бухоро вилояти иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
“Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз”, дейди давлат раҳбари.
Дастлаб ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига тўхталиб ўтилган. Бу соҳада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб қилинади.
Натижада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Президент одамлар бу ўзгаришларни кутаётганини таъкидлаб, масъулларга лойиҳаларни тезлаштиришни топширган.
Вилоятнинг транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ҳам йирик режалар белгиланган. Жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади.
Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам қурилади.
Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси ҳам кўзда тутилган.
Президент мутасаддиларга автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берган.