Самарқандда такси ҳайдовчиларидан “ўлпон” ундириб келган тўда ушланди
3-саҳифа
−
24 Февраль 2022
7584Самарқанд вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳайдовчиларидан “ўлпон” ундириб келадиган яна бир уюшган гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ спортчилар “Самарқанд-Навоий” йўналишдаги автошох бекатни зўравонлик ва ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олган. Натижада ҳайдовчилардан ушбу йўналишга кириш учун 500 АҚШ доллари, кунлик қатновчи ҳайдовчилардан эса 50 минг сўмдан пулларни товламачилик йўли билан олиб келган.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси, Давлат хавфсизлиги хизмати, Прокуратура ҳамда вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётган 7 нафар шахс қўлга олинган ва уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилган.
Самарқанд шаҳар “Гала Осиё” маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган Ш.Д. ушбу жиноий гуруҳга етакчилик қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ш.Д. ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал ҳам Иштихон туманида ноқонуний автотураргоҳ ташкил этиб, ҳайдовчилардан улуш олиб келганлар ҳамда Самарқанд шаҳрида “Самарқанд-Навоий” ва “Самарқанд-Бухоро” йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан тамагирлик қилиб келган жиноий тўда ушлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси