Самарада мигрантларга курьер ва сотувчи бўлиб ишлаш тақиқланди

Олам

image

Россиянинг Самара вилояти ҳокимияти патент асосида ишлаётган хорижликлар учун тақиқланган фаолият турлари рўйхатини кенгайтирди. Хусусан, энди рўйхатга курьерлар ва сотувчилар ҳам киритилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Федоришевнинг ҳудудий ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган фармонида айтилади.

Ҳозирги вақтда Самара вилоятида меҳнат мигрантлари учун 117 турдаги фаолият ёпиқ ҳисобланади. Аввалроқ ушбу ҳудудда патент асосида ишловчи чет элликларга такси, таълим соҳаси, дорихоналар ҳамда кадрлар танлаш агентликларида ишлаш тақиқланган.

Эндиликда рўйхат бир неча баробар кенгайтирилиб, яна анча кенг касблар ва йўналишларни қамраб олди. Жумладан, қуйидаги соҳаларда ишлаш тақиқланади: савдо, транспорт, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш, курьерлик, таълим, тиббиёт, IT ва фан.

Шунингдек, мигрантларга ўқитувчи, мураббий, энага бўлиб ишлаш, савдонинг деярли барча турларида фаолият юритиш, дастурлаш билан шуғулланиш ҳамда учувчисиз учиш аппаратларини йиғиш билан боғлиқ корхоналарда ишлаш ман этилган.

Губернаторнинг фармонида қайд этилишича, маҳаллий компанияларга мазкур ҳужжатда белгиланган тақиқларга мувофиқ равишда фойдаланилаётган хорижий ишчилар сонини мослаштириш учун уч ой муддат берилади.

Патент асосида Россияда ишлаётган мигрантлар учун шунга ўхшаш чекловлар мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида жорий этилган. Бўш қоладиган иш ўринларини Россия фуқаролари ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар – Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон фуқаролари эгаллаши кутилмоқда. Россияда патент асосида ишлайдиган мигрантларга асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Россияга Ҳиндистондан 100 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири кириб боргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Самара курьер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг