Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши: Бишимбаев судда берган кўрсатмасини ўзгартирди
Олам
−
16 Апрель
15536Рафиқаси Салтанат Нукенованинг ўлдирилишида айбланган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев судда ўз кўрсатмасини ўзгартирди. Бу ҳақда “Informburo.kz” хабар берди.
Кеча, 15 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Бишимбаев Нукеновага нашатир (аммиак) берганида иккинчи судланувчи Бахитжан Байжанов (Бишимбаевнинг қариндоши, “Гастромарказ” директори) вип-кабинада у билан бирга бўлганини ва уни ҳушига келтирмоқчи бўлганини айтган.
“У нашатир ва бинт билан келди. Салтанатнинг бурнига нашатир ҳидлатганимни кузатиб турди. Кейин у ҳушига келмаганини кўргач, тез ёрдам чақиришни таклиф қилди”, дейди Куандик Бишимбаев.
Судья Айжан Кульбаева эса Бишимбаевнинг гапини бўлиб, у илгари бу иш бўйича ёлғон кўрсатма берганми ёки йўқлигини сўради, чунки собиқ вазир аввалроқ Байжанов у билан бирга кабинада бўлмаганини айтган эди.
“Айбланувчи Бишимбаев, бир дақиқа. Аммо сўроқ пайтида, нашатирни аввал ўзингиз ҳидлаганингизни, кейин жабрланувчига ҳидлатганингизни айтишган. Маълум бўлишича, ўша сафар ёлғон гапирган экансиз, шундайми? Сиз ҳамма нарсани ўзингиз қилганингизни айтгандингиз. Демак, олдинги учрашувларда сиз ёлғон гапирдингиз”, дея сўраган Бишимбаевдан судья.
Шундан сўнг Бишимбаев Байжанов унга босим ўтказганини билдирган.
Адвокат Газимжановнинг қўшимча қилишича, Бишимбаев молиявий жиҳатдан Байжановга қарам бўлган.
“Байжановнинг (вип-кабинада) борлиги нуқтаи назаридан, у нашатир олиб келгани, уни ушлаб тургани ва Байжанов менга босим ўтказгани учун мен бу фактни бошқача кўрсатдим”, дейди Бишимбаев.
Адвокат Газиз Интиқбоевнинг таъкидлашича, Бахитжан Байжановнинг ўзи биринчи марта нашатир ҳақида кўрсатма берган.
Адвокатга кўра, бу факт ҳақида ёлғон гапиришдан маъно йўқ эди.
"Бу содир бўлмади (мен вип-кабинага кирмадим). У аслида қотил. Мен ҳатто ҳақиқат учун ўтиришга ҳам тайёрман”, дейди Бахитжан Байжанов.
Аввалги суд мажлисларининг бирида Бахитжан Байжанов Куандик Бишимбаев унга босим ўтказаётганини айтиб, уларни бир-биридан узоқлаштиришни сўраган.
Кейинроқ унинг аниқлик киритишича, Бишимбаев ундан тез ёрдам чақиришганини тасдиқлашни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида Салтанат Нукенова исмли аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди.
Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ жисм билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Ҳозирда Куандик Бишимбаев икки моддада айбланмоқда:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддаси, 5-банд, 2-қисм ("Ўта шафқатсизлик билан қотиллик");
- Жиноят кодексининг 110-моддаси, 1-банд, 2-қисм (“Қийнаш”).
Унинг қариндоши, “Гастромарказ” директори Бахитжан Байжановга ҳам иккита айблов қўйилган:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 432-моддаси (“Яшириш”);
- Жиноят кодексининг 434-моддаси ("Жиноят ҳақида хабар бермаслик").
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғриликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
LiveБарчаси