“Салла деса, калла”: Хоразмда қўлга олиш сўралган итлар ўлдириб юборилди
Жамият
−
09 Сентябрь 2023
6089Хоразм вилояти Ҳазорасп туман Ободонлаштириш бошқармаси 13 та эгасиз итни заҳарли хўрак ёрдамида ўлдириб юборди. Бу ҳақда Ҳазорасп туман ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Унда қайд этилишича, ижтимоий тармоқда туманнинг “Зеҳнли” маҳалласи болалари мактабга бора олмаётганини айтиб, масъуллардан махсус қўриқхоналар очиб, қаровсиз жониворларни ўша ерга жойлаштириш орқали ҳолатни назоратга олишни сўраган.
Аммо Ҳазорасп тумани ободонлаштириш бўлимининг Қаровсиз қолган дайди ҳайвонларни ушлаш ва йўқ қилиш бўлинмаси ходимлари “салла деса, каллани олиб келиш” қабилида иш тутиб, итларни ўлдириб юборган.
“Ҳазорасп туман Ободонлаштириш бошқармасининг “қаровсиз қолган дайди ҳайвонларни ушлаш ва йўқ қилиш” бўлими ходимлари томонидан 2023 йил 04 сентябрь куни “Зехнли” маҳалласига бориб ўрганиш ўтказди. Ўрганиш давомида маҳаллада дайди итлар борлиги аниқланган. Маҳаллада аниқланган эгасиз ва дайди итларнинг ўн уч таси заҳарли хўрак ёрдамида йўқ қилинган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Бу ҳолатдан сўнг Ўзбекистода фаолият юритувчи Эколог.уз канали ободонлаштириш ходимларини қонунни бузганликда айблаб, уларга чора кўришни сўраб чиқди.
“Вазирлар Маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан, эгасиз итлар ушланиб, вақтинча сақлаш учун махсус жойларга олиб кетилиши керак эди.
Ободонлаштириш ходимларига чора кўришингизни сўраймиз”, дейилган эколог хабарида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда бир нечта ҳайвонлар қийноққа солингани ҳақида хабар берган эдик.