Салим Абдувалиев нега ва қачон қамалганди?
Таҳлил
−
14 Январь
5185Спорт ҳомийси ва халқ орасида криминоген авторитет сифатида “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев билан боғлиқ воқеалар хронологияси Ўзбекистонда 2023 йилнинг декабрь ойидан бошлаб авж ола бошлади.
Ҳозирга қадар Спорт курашлари ассоциацияси раиси сифатида қайд этиб келинаётган ва 2025 йил 12 январь куни озодликка чиқарилган Абдувалиев 2023 йил 1 декабрь куни Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўша йили ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйидан олиб кетилганди.
ИИББ маълумотига кўра, 1950 йилда туғилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев (Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.
Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Абдувалиевдан ташқари, “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва “Саидазиз медгородок” лақаби билан машҳур бўлган Саидазиз Саидалиевга ҳам қамоққа олиш эҳтиёт чораси тайинланиб, уларга ҳам суд ҳукми ўқилди, бироқ айнан декабрь ойида Абдувалиев, Қудратуллаев ва Саидалиев озодликда экани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
QALAMPIR.UZ ушбу гаплар ортидан тушиб, уларга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаганини аниқлади.
22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича кенг кўламда давом этаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ва унда қўлга олинаётган жиноий гуруҳлар, жиноят оламининг кўзга кўринган вакиллари, “кўча”лар ҳақида илк маротаба сўз очди.
“Ўзини “кўча” деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва албатта шундай бўлади”, деди Президент.
Қирғизистонда Абдувалиевга алоқадорларнинг “тозаланиши”
Январь ойига келиб эса Абдувалиев билан боғлиқ ҳодисаларга қирғизистонлик депутатнинг аралашуви барчанинг диққатини ўзига қаратди.
Қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланди.
Депутат Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги Бош прокуратура сўровини кўриб чиқиш учун тузилган депутатлик комиссиясига депутат Алишер Эрбаев бошчилик қилди.
“Комиссия бир неча очиқ йиғилиш ўтказди. Комиссиянинг кечаги йиғилишининг иккинчи қисми тергов талабига кўра ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Терговчилар чегарани ноқонуний кесиб ўтишни исботловчи далилларни тақдим этишди. Биз уларга ишондик, чунки Ўзбекистон томони ҳам унга нисбатан жиноий иш қўзғатди”, дейди депутат Эрбаев.
9 январь куни кечқурун депутат Жамғирчиев Қирғизистон парламентида ғойиб бўлди.
Маълумотларга кўра, Жамғирчиев ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, у билан яширин учрашув ўтказиш учун 2022 йил декабрь ойида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга борган.
“Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни яшириш учун 16 декабрь куни Жамғирчиев ноқонуний равишда Қирғизистонга қайтган”, дейди Эрбаев.
Унга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва Жамғирчиев қидирувга берилган. Ўзбекистон суди ҳам уни ҳибсга олиш учун қарор чиқарди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг айтишича, суриштирувларга кўра, Жамғирчиевнинг Ўзбекистонда нима ишлар қилгани тўлиқ аниқланди.
“Жамғирчиев у ерда нима қилгани, кимлар билан учрашгани, қандай ҳужжатларни олиб кетганини аниқладик. Буларнинг барчаси бир йил давом этди. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда ишлаймиз”, деган эди Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон махсус хизматлари Жамғирчиевга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий иш қўзғатган. У қидирувга берилганлар рўйхатига киритилган. Ўзбекистонда суд уни ҳибсга олишга қарор қилган. Аммо Ўзбекистонда бу ҳақда расмий маълумот берилмади.
“Жамғирчиевни ҳеч ким махсус таъқиб қилмаган. Агар у чегарани қонуний равишда кесиб ўтган бўлса, унга ким нима дерди? Чегарани бемалол кесиб ўтиб, хоҳлаган одам билан учрашиб, қайтиб кетарди. Лекин бу ерда қонун бузилиши бор ва биз бунга муносабат билдиришимиз керак. Бу шунчаки процедура”, деганди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Унинг қайд этишича, депутат қонунларни билиши шарт.
“Шу боис ҳам, тажриба ва билимга эга депутатларни ишга олинг, деб кўп айтамиз. Жамғирчиев махсус ҳужжатларни олиб, бошқа давлатга жўнаб қолган. Бу махфий ҳужжатлар бўлса-чи? У парламентдан ҳужжатларни олиб, дўсти орқали бошқа давлатга ўтгани учун қонун олдида жавоб бериши керак”, дейди Ташиев.
Қирғизистон депутатлари ҳам Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишни маъқуллади. Депутатлар йиғилишида 81 нафар депутат овоз беришда қатнашди. Депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортиш учун 69 депутат овоз берди.
Депутатнинг Абдувалиев билан кўришишга урингани ортидан “Салимбой” Қирғизистонни назорат қилганми, деган гап-сўзлар янгради.
10 январь уни Қирғизистон Жогорку Кенешининг йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга берган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Ушбу хат 10 саҳифадан иборат. Уни у ўз қўли билан ёзган. Жамғирчиев Абдувалиевдан ёрдам сўраган. Хатда у ҳокимиятга туҳмат қилиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган. Бу қандай аҳмоқлик?” дейди Ташиев.
Унинг “Салимбой”га ёзган хатида айтилишича, Қамчибек Ташиев ундан 180 минг доллар ундирган. Ташиевга кўра эса 2 нафар йигит Жамғирчиевнинг отаси билан учрашиб, Қамчибек Ташиевга пул кераклигини айтишган. Улар Эмил Жамғирчиевнинг отасидан 180 минг доллар олиб кетишган. Кейинчалик улар ушланиб, отасига 180 минг доллар қайтариб берилган.
Аммо депутатнинг сўраган ёрдами фақатгина пул масаласида бўлмаган. У “Салимбойвачча”дан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни илтимос қилган.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейди депутат ўз хатида.
Бунга жавобан эса Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтди.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар бор”, дейди Ташиев.
Аммо унга жавобан Абдувалиев, эътибор беринг, Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган. Ташиевнинг айтишича, Абдувалиев Жамғирчиев келганини, ундан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни сўраганини билдирган. Аммо Абдувалиев Қирғизистон ишига аралаша олмаслигини айтган.
“Бундан ташқари, у Жамғирчиев “Салимбойвачча”нинг ёрдамчисига хиёнат қилганини айтади. Ёрдамчи ҳам гувоҳлик берган. Жамғирчиев бир неча кун унинг меҳмонхонасида яшаб, пул тўламай қочиб кетган”, дейди Ташиев.
Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шу орада бир савол туғилади шунча воқеалар бўлиб ўтибдию, аммо Ўзбекистонда бу бўйича лом-лим дейилмади. На Жамғирчиев чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, “Салимбойвачча”дан ёрдам сўрагани, на депутатга нисбатан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиққани очиқланмади. Нега энди биз Ўзбекистонда бўлаётган воқеани қирғиз нашрлари эълон қилган янгиликлардан билишимиз керак?
Хўп, яна Жамғирчиев ишига қайтсак. Маълумотларга кўра, депутат 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган ва қайтиб келмаган. Унинг ҳозирда қаердалиги аниқ эмас.
“Биламан, ҳамкасбимиз ҳаммамизни шарманда қилди. Борсам, Ўзбекистон Президентига борардим. “Салимбойвачча” Ўзбекистондаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиларидан бири. У яқинда ҳибсга олинган. Буларнинг барчаси материалларда кўрсатилиши керак. Нега у муаммони ҳал қилиш учун уюшган жиноий гуруҳларга мурожаат қилади? Биз Эмил Жамғирчиевни жуда қўллаб-қувватладик, лекин у нотўғри иш қилгани маълум бўлди. Биз унга келиб, ҳаммаси нотўғри бўлса, бизга айтишини сўрадик. “Тоза” бўлса, келиб исботлаши керак эди”, дейди депутат Суюн Умурзоқов.
Шунингдек, Жамғирчиев Ўзбекистонга махсус ҳужжатларни олиб ўтгани ҳам аниқланган.
Январь ойида Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Эмил Жамғирчиев қамоққа олинди.
Эмил Жамғирчиевни қамоққа олиш ҳақидаги қарор Первомайский туман суди томонидан қабул қилинган. У 26 февралгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланди.
2 февраль куни эса Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Жогорку Кенеш депутати Эмил Жамғирчиевнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Август ойига келиб эса Ўзбекистонда қамоқда сақланаётган Салим Абдувалиевга Қирғизистон қидирув эълон қилди ва, шунингдек, Қирғизистонда Абдувалиевга алоқадор шахсларни “тозалаш” бошланди.
Тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорларидан бири Салим Қирғизбоевич Абдувалиев томонидан “Биродарлар давраси” халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (“Коля Қирғиз”) уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълум қилишича, Салимбой Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноий тузилмаларга раҳбарлик қилган, шунингдек, МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлган ҳолда, гиёҳвандлик воситаларини Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналлар ташкил этганлиги сабабли Қамчи Кўлбоев билан ўзаро алоқа ўрнатган ва унга мунтазам равишда моддий ёрдам кўрсатиб келган, шунингдек, унинг минтақадаги нуфузли криминал авторитетлар қаторида Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари жиноят оламининг етакчиси бўлишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган.
Қайд этилишича, “Коля Қирғиз” ва “Салимбойвачча” яқин муносабатларда бўлган, бунга Кўлбоевнинг Абдувалиев томонидан уюштирилган байрам ва бошқа тадбирларга бир неча бор ташриф буюриши гувоҳлик беради.
Таъкидланишича, Салимбой Абдувалиев Қирғизистон ва МДҲ давлатларида маълум даражада эриша олган таъсир доирасини кенгайтириб, Қамчибек Асанбекнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаштирган.
Йиғилган материаллар асосида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди ва у ҳам давлатлараро, ҳам Интерпол Миллий марказий бюроси орқали қидирувга берилди.
Август ойида Қирғизистонда “Салимбойвачча” билан алоқадор яна икки киши қўлга олинди. Ижтимоий тармоқларга тадбиркор Жалил Атамбаев ва собиқ депутат, божхона хизмати собиқ раҳбари Салайдин Айдаров Ўзбекистон жиноят олами етакчиси Салим Абдувалиев билан учрашуви акс этган видеолар сиздирилган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Атамбаев ўз бизнес империясини кенгайтириш мақсадида “Салимбойвачча” билан яқин алоқада бўлган. У катта маблағ эвазига тадбиркорга ҳомийлик ва кўмак кўрсатган. Шунингдек, ушбу жиноятга Салайдин Айдаров ҳам шерик бўлгани аниқланган.
Шу ойнинг ўзида уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида Қирғизистон Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Нургази Адираевич Айдаров қидирувга берилди.
Нургази Айдаров халқаро уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари, жумладан, “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевнинг фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, Айдаров Абдувалиевнинг ноқонуний фаолияти ва “вор в законе” Қамчи Асанбек (Қамчи Кўлбоев) билан яқин алоқалари ҳақида билиб, Ўзбекистонда бўлган вақтида унга ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатган. Ўз навбатида, улар Нургази Айдаровни Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган тадбиркорлик ва бошқа фаолиятга ҳомийлик қилган.
Бишкекнинг Октябрь туман суди қарори билан Айдаровга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди, у ҳам жиноий жавобгарликка тортиш учун давлатлараро ва Интерпол орқали қидирувга берилди.
Қирғизистоннинг Қизил-Қия шаҳрида ҳам криминал авторитет, уюшган жиноий гуруҳ раҳбари “Салимбойвачча” – Салим Абдувалиев тарафдори бўлган шахс қўлга олинди.
Салим Абдувалиевнинг жиноий фаолиятига алоқадор бўлган ушбу шахс 1956 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси бўлиб, у Қизил-Қия шаҳрида яшаган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, қўлга олинган шахс “Салимбойвачча”га ҳурмат-эҳтиром кўрсатган, шунингдек, илгари Тошкент шаҳрида ушланган, 1978 йилда туғилган шахс билан бирга суратга тушган.
Тергов тадбирларини ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистонда уюшган жиноий гуруҳ раҳбари билан учрашган ҳолатларни аниқлаш мақсадида қўлга олинган шахс Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига олиб борилган.
Абдувалиевга алоқадор яна бир қирғиз депутати 2024 йилнинг сентябрида аниқланди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида Сузоқ туманида яшовчи фуқаро – қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ депутати билан уюшган жиноий гуруҳ алоқаси борлиги юзасидан суҳбат ўтказилди.
1984 йилда туғилган шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбурияти олинган. Аввалроқ унинг ижтимоий тармоқларда “Салимбойвачча” билан тушган сурати пайдо бўлган эди.
Тушунтириш ишларидан сўнг профилактик суҳбат ўтказилган шахс жиноий алоқадан воз кечган ва Қирғизистон Республикасининг режалаштирилган сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Абдувалиев нега озодликка чиқди?
Абдувалиев билан боғлиқ хронологиямизда 2025 йил 12 январь санаси алоҳида аҳамият касб этади. Бир йилдан кўпроқ муддатда қамоқда бўлган Салим Абдувалиев мазкур санада озодликка чиқарилди, бироқ Абдувалиевнинг қамоқдан чиққанини Ўзбекистондаги бирорта расмий идора тасдиқламади.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, жорий йилнинг май ойида 75 ёшни қаршилайдиган Салим Абдувалиев касаллиги туфайли Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган.
Абдувалиевнинг озодликка чиққанига унинг қизи Нилуфар Абдувалиева ҳам Instagram саҳифаси орқали ишора қилди. У 12 январь куни Instagram'ига отасининг суратини жойлади.
Салим Абдувалиев билан боғлиқ воқеалар хронологияси ана шундай тарзда якун топиб турди, воқеалар қандай ривож топишини эса вақт кўрсатади.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь