Саидов Рубио ва унинг ўринбосари билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда ўта муҳим минераллар бўйича Вазирлар йиғилишида доирасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва унинг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жаноблари билан кенг қамровли ва мазмунли мулоқот ўтказганимиздан мамнунмиз. Унда икки томонлама кун тартибигина эмас, балки глобал миқёсдаги энг долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Унинг билдиришича, учрашувда яқинда ташкил этилган “Тинчлик кенгаши” можаролардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилувчи самарали платформага айланиб бораётгани, миллионлаб инсонларга янада хавфсиз ва муносиб келажак сари умид бағишлаётгани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, улар умумий чақириқларни ҳал этиш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланишни илгари суриш йўлида ҳамкорликни давом эттиришга бўлган муштарак интилишни яна бир бор тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Саидов АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау билан самарали учрашув ўтказган. Улар ўртасидаги муҳокамалар, энг аввало, Олий даражада эришилган барча келишувларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш, янги истиқболли лойиҳаларни кенгайтиришга қаратилган.

“Шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган икки томонлама кун тартиби юзасидан фикр алмашдик ҳамда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишларимизни тасдиқлади”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Эслатиб ўтамииз, аввалроқ ўта муҳим минераллар бўйича Вазирлар йиғилишида доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандумини имзолангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бахтиёр Саидов Марко Рубио Кристофер Ландау

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг