Америка-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Жамият
−
07 Февраль 2835 3 дақиқа
Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева айни дамда Тошкентда бўлиб турган АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан учрашди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгашининг биринчи очилиш йиғилиши якунланган. Сержио Гор Саида Мирзиёева билан учрашиб, бошқа кўплаб мавзулар қаторида икки давлат ўртасида тижорат дипломатиясини кучайтириш масалаларини муҳокама қилган.

Мазкур йиғилиш ва учрашув юзасидан Саида Мирзиёева ҳам Telegram-канали орқали ўз фикрларини билдирди.
“Махсус вакил, элчи Сержио Гор иштирокида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилганини маълум қилишдан мамнунман. Муҳокамалар самарали ва истиқболга йўналтирилган тарзда ўтди. Олдинда бизни ҳар икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган асосий йўналишлар бўйича салмоқли ва мазмунли ишлар кутмоқда”, дейди у.
Қайд этиш жоиз, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари АҚШга борган эди. Ўзбекистон етакчиси Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг C5+1 форматидаги саммитида иштирок этди. Шундан сўнг Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошқариб боради. Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Сержио Гор 2025 йилнинг 25 октябрь куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан Ўзбекистонга келганди. 26 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ҳамроҳлик қилган.
27 октябрь куни Саида Мирзиёева Сержио Гор билан учрашди. Мирзиёеванинг ёзишича, АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда кейинги 8 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддати ва жадал суръатини қайд этган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев махсус вакил Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув сўнгида Гор Ўзбекистон етакчисига Трамп номидан юборилган бир қатор совғаларни топширди.
Live
Барчаси