Саида Мирзиёева Самарқандда ЖССТ раҳбари билан учрашди
Жамият
−
11:56 1578 1 дақиқа
Бугун, 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича Самарқандда ўтказилаётган халқаро форум доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, мулоқотда Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, рақамли тиббиёт самарадорлигини ошириш, фармацевтика бозорини тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда минтақавий алоқаларни кенгайтиришга эътибор қаратилган.
Учрашув давомида гиёҳвандликка чалинганларни даволаш ва реабилитация қилиш йўналишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Маълумот учун, 20-21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш: саломатлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш” мавзусида глобал форум бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 апрель куни Самарқандда бошланган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форумда вилоятда Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясининг Бош офиси ташкил қилиниши эълон қилинганди.
Live
Барчаси