Саида Мирзиёева Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бугун, 1 май куни Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.

Саида Мирзиёева Ислом дини асосида ётган умуминсоний ва маънавий қадриятларни қўллаб-қувватлаётгани учун мазкур нуфузли халқаро ташкилотга миннатдорлик билдирган.

“Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон конфессиялараро тотувликни, мамлакатимиз фахри бўлган ноёб ислом меросини тарғиб этиш борасида бутун дунёда ҳақли равишда эътироф этилмоқда”, деб ёзган Мирзиёева.

Шунингдек, Президент ёрдамчиси ҳар йили ўтказиладиган Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” мукофотининг ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилгани маълум бўлди ва у “камтарона хизматларим эътироф этилгани”дан бениҳоя мамнун эканини билдирди.

“Фақатгина биргаликда саъй-ҳаракатларимиз билангина биз бу дунёни янада яхшироқ қила оламиз”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, у 2014 йилда Бирлашган Араб Амирликлари Абу Даби шаҳрида ташкил топган. Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб Кенгашга раислик қилади, Муҳаммад Абдуссалом эса унинг бош котиби ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш ва бағрикенгликни таъминлашдан иборат. Шунингдек, илм ва олимларни қадрлайдиган, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлайдиган, бағрикенглик ҳамда бошқаларга ҳурматни қўллаб-қувватлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Мусулмон донишмандлар кенгаши Шайх Зоид Инсоний биродарлик Муҳаммад Абдусалом

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг