Саида Мирзиёева “Арқадағ”нинг қизи билан учрашди
Жамият
−
10 Декабрь 2025 47663 1 дақиқа
Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Туркманистоннинг Аваза шаҳрига ташриф доирасида Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Огулжаҳон Отабоева билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Авазага ташриф доирасида Ғамхўрликка муҳтож болаларга ёрдам кўрсатиш хайрия жамғармаси вице-президенти Огулжаҳон Отабоева билан учрашув ўтказдим. Муҳим сана – Туркманистон бетарафлигининг 30 йиллиги билан самимий табрикладим”, деб ёзди у.
Мирзиёеванинг билдиришича, учрашувда гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, болаликни ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг яқинда ўтган музокараларининг самарали натижалари, жумладан, “Шовот-Тошҳовуз” савдо зонаси очилгани алоҳида таъкидланган.
“Биргаликда жамғарма кўргазмаси ва тиббиёт кластери лойиҳалари билан танишдик, ҳамкорликни давом эттириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканимизни тасдиқладик”, деб ёзган Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Туркманистоннинг Аваза шаҳрида “Замонавий жамиятда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этгани ҳақида хабар берилганди.