Садир Жапаров Ватиканда Рим Папаси билан учрашди
Олам
−
04 Октябрь
2994Италиянинг Рим шаҳри ҳудудидаги шаҳар-давлат – Ватиканда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва биринчи хоним Ойгул Жапарованинг Рим Папаси Франциск билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Садир Жапаров Папага тинчлик, адолат, халқлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик каби юксак тамойил ва ғояларни тарғиб қилиш йўлидаги фидойилиги учун самимий миннатдорлик билдирган. У Рим Папаси Францискнинг дунёнинг турли бурчакларида низоларни бартараф этиш ва адолатни тиклашга қўшган катта шахсий ҳиссасини қайд этган.
Шунингдек, Президент Қирғизистон Республикаси дунёвий кўп миллатли давлат бўлиб, унда ўнлаб элат вакиллари тинч ва тотувликда яшаётганини алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон диний эътиқод эркинлигини кафолатлайди ва диний эътиқодга аралашмайди.
Конфессиялараро тотувлик ҳақида гапирар экан, Қирғизистондаги барча диний жамоалар мамлакатнинг ажралмас қисми бўлиб, унинг ривожланишида муҳим роль ўйнашини қўшимча қилди. Шунингдек, у ҳар доим бағрикенглик ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш мамлакатнинг асосий анъанавий қадриятларидан бири бўлиб келганини айтди. Жапаров Қирғиз давлатчилиги ривожида тарих давомида маънавий-ахлоқий тамойиллар муҳим ўрин тутганини билдирди.
Рим Папаси Франциск ҳам Қирғизистоннинг кўп миллатли ва кўп динли жамиятни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, ушбу қадриятларни асраб-авайлаш йўлидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Суҳбат якунида Садир Жапаров Рим Папаси Францискни ўзи учун қулай бўлган вақтда Қирғизистонга ташриф буюришни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 январь куни Рим Папаси Франциск Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни қабул қилганди. Бу Тўқаев учун давлат раҳбари сифатида Ватиканга илк ташрифи эди. Тўқаев Рим-католик черкови раҳбарига Қозоғистондаги Қоракўл кўли тасвирланган мозаикали расм ҳамда “Тинчлик қуши” номли кичик сувенир совғасини берди. Бу совғалар понтификнинг 2022 йил сентябрь ойида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойида қатнашиш мақсадида Қозоғистонга қилган сафарини эсга олиш учун мўлжалланган. 26 апрель куни эса Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ватиканда расмий ташриф билан бўлиб, Рим Папаси билан учрашганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь