“Садақа сўрагани келганимиз йўқ”. ЖАР раҳбари Путинни дон йўлагини очишга чақирди
Олам
−
29 Июль 2023
15237Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса Россия раҳбари Владимир Путинни ғалла бўйича келишувни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақда у Санкт-Петербургда Путин ва Африка давлатлари делегациялари раҳбарларининг Украина масалалари бўйича учрашувида сўз очди.
Рамафосанинг айтишича, Африка Путин ваъда қилган текин ғалладан кўра кўпроқ тижорат донига муҳтож.
"Биз дон йўлаги келишувини амалга оширишни таклиф қилдик. Қора денгизни очиш зарурлиги ҳақида гапирдик. Қора денгизнинг жаҳон бозорларига очиқ бўлишини хоҳлашимизни айтдик. Ва биз бу ерга "садақа" сўраш учун келганимиз йўқ. Биз, албатта, сахийлик билан маълум қийинчиликларга дуч келаётган баъзи Африка мамлакатларига дон беришга қарор қилганингизни тушунамиз. Биз буни жуда ҳурмат қиламиз. Бироқ бундай турдаги етказиб беришга эришиш бизнинг бу ерда асосий мақсад ва вазифамиз эмас", деган Рамафоса Путинга.
Шундан сўнг, учрашув ёпиқ эшиклар ортида давом этган. Россия Президенти Рамафосага нима деб жавоб бергани ҳозирча номаълум.
Шунингдек, Сирил Рамафоса Украинадаги уруш тинч йўл билан якунланиши кераклигини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳар икки томон манфаатларига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия томони Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишувни узайтирмаган ва буни Истанбул келишувининг иккинчи қисми бажарилмагани билан изоҳлаганди. Россия-Африка иқтисодий ва гуманитар форумида сўзлаган Путин эса Россия яқин ойлар ичида Африка давлатларига донни текинга етказиб беришини айтди.