Ўзбекистон тарихида илк бор Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилиняпти
Жамият
−
14 Ноябрь 2019
6704Бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама этдилар.
Парламент тарихида бу йил биринчи марта Давлат бюджети қонун тариқасида қабул қилинмоқда. Яъни, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатини тақдим этиш амалиётида илк бор “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва 2020–2022 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози бериляпти.
Парламентга тақдим этилган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ҳамда Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилган. Унда фискал кўрсаткичларга таъсир этувчи асосий ташқи ва ички омиллар, 2020–2022 йилларга оид солиқ-бюджет сиёсатининг стратегияси, 2020–2022 йилларга мўлжалланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари параметрлари каби масалалар ўз аксини топган. Иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори суръатларда ўсишига эришишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишчанлик муҳитини оширишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш назарда тутилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,5 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 6,5 фоиз, қурилишда 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,0 фоиз ва хизматлар соҳасида 5,6 фоиз кўпаяди. Асосий капиталга инвестициялар 10,0 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорт 8,0 фоиз ўсади.
Қонун лойиҳасида бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлиги, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар билан бирга, бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида келгуси йил учун Давлат бюджетини ва кейинги икки йилга мўлжалланган бюджет йўналишларини тасдиқлаш орқали ўрта муддатли бюджетни режалаштириш таклиф қилинмоқда.
2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 653,5 трлн сўмни, Давлат бюджети даромадлари 128,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,6 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари эса, 131,1 трлн. сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 24,0 фоизга кўп бўлиб, бунда Давлат бюджет харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.
Савол-жавоблар, тортишувлар ва қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Масъул қўмитага қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб маромига етказиш топширилди.
LiveБарчаси