“СЭС” веб-сайти “взлом” бўлди. Хакер дастурчиларга хат қолдирди
Жамият
−
24 Январь 2023
16924Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг расмий веб-сайти хакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда Санепидхизмат Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, хакерлар ҳужуми бугун, 24 январь куни уюштирилган.
“Айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш учун техник ишлар амалга оширилмоқда ҳамда сайт хавфсизлигини янада мукаммаллаштириш чоралари кўрилмоқда”, дейилади Санепидхизмат хабарида.
Веб-сайт @yetimdasturchi ники билан ишлайдиган хакер томонидан бузилган бўлиб, у сайт масъулларига хат ҳам қолдириб кетган. Унининг ёзишича, мазкур сайтни 4 кун давомида кузатган ва сайт дастурчисига тизимнинг хатолари ҳақида электрон хат юборган. Бироқ бу хатга нисбатан ҳеч қандай жавоб бўлмаган, хатолик ҳам тузатилмаган. Шундан сўнг у сайтни бузиб кирган.
“Мен эртанги кунда бошқа мамлакатлар олдида ўзбек дастурчилари қийшиқ қўллар билан код ёзади деган гаплар бўлишини истамайман. Сайтга зарар етказилмади, чунки бировнинг меҳнатини қадрлайман. Фақат илтимос, бундай кулгуга қоладиган хатоликларни қилмасангиз. Ҳар ҳолда кичик ташкилот сайти эмас бу”, деб ёзади хакер.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойида 14-16 ёшли ўсмир йигитлар Олий Мажлис Сенатининг расмий веб сайтига ҳужум уюштириб, “Киберхавфсизлик марказига саломлар!” дея мурожаат қолдирган эди. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Матбуот хизматининг маълум қилишича, сайтни бузган йигитларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ўсмирлар ўз интервьюларида бу ишни масъулларни огоҳлантириш, уларни ҳушёрликка чақириш мақсадида қилганини таъкидлаган.
Озода Чориева
LiveБарчаси