Рютте Мадрид ва Лондондаги хавф ҳақида огоҳлантирди
Олам
−
13 Сентябрь 2025 4136 2 дақиқа
Россиянинг ракеталари қисқа вақтда Лондон ёки Мадридга етиб бориши мумкин, шунинг учун хавфни фақат НАТОнинг шарқий қанотига тааллуқли деб ҳисоблаш нотўғри. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Марк Рютте “Eastern Sentry” (“Шарқий соқчи”) операцияси бошлангани эълон қилинган матбуот анжуманида айтди.
“Мен “шарқий қанот” тушунчаси билан фикрлашни ёқтирмайман, чунки бу гўё мен Мадрид (Испания) ёки Лондонда (Буюк Британия) яшасам, Таллин (Эстония) ёки Вильнюсдагига (Литва) қараганда кўпроқ хавфсизман, деган тасаввур уйғотади. Аммо бу нотўғри. Янги рус ракеталари ишга туширилса, улар товуш тезлигидан беш баравар тез учади ва Таллин ёки Вильнюсга нисбатан Мадрид ёки Лондонга атиги беш-ўн дақиқа кейинроқ етиб боради”, деган Нато Бош котиби.
У, шунингдек, “Eastern Sentry” (“Шарқий соқчи”) операцияси бошланганини эълон қилиб, операция шарқий позицияларни мустаҳкамлашни кўзлаши ва унда Дания, Германия, Франция ҳамда Буюк Британия кучлари қатнашиши ҳақида айтган. Рюттега кўра, операция нафақат анъанавий ҳарбий имкониятларни, балки дронларга қарши чораларни ҳам ўз ичига олади.
Рютте НАТО мамлакатларини вазиятни гўё бутун блок “шарқий қанотда” яшаётгандек қабул қилишга чақирган.
Маълумот учун, Россия томонидан яқинда тақдим этилган ўрта масофали баллистик ракета – “Oreshnik” 5,5 минг км масофани босиб ўта олади, тезлиги эса соатига 12,4 минг км, ёки сониясига 3 км. Бу ракетадан ўтган йили, ноябрда Днепрдаги Мудофаа-саноат корхонасига зарба беришда фойдаланилган.
10 сентябрга ўтар кечаси Россия Украинага йирик зарбалар берганида камида 19 та дрон Польша чегарасини кесиб ўтди. Дронларни тутиб олиш учун Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётларидан ҳам фойдаланилган.
Дрон парчалари Беларусь ва Украина билан чегара яқинидаги Вирики қишлоғидаги тураржой биносига зарар етказди.
Варшаванинг таъкидлашича, Россия атайлаб Польшага ҳужум қилган ва Варшава Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша ҳаво ҳудудини бузган дронлар Россияга қарашли деб топилгани айтилган баёнотга БМТнинг 193 аъзосидан 46 таси имзо чеккани ҳақида хабар берилганди. Баёнотни қўллаганлар орасида Польшадан ташқари Украина, Франция, Буюк Британия, Германия, АҚШ, Австрия, Бельгия, Венгрия, Грузия, Италия, Испания, Норвегия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар ҳам бор.