Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор: АҚШ суди 75 давлатга виза чекловини бекор қилди
Олам
−
17:09 3838 2 дақиқа
АҚШ федерал суди Президент Дональд Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ҳам кирган 75 давлат фуқароларига иммигрант визаларини беришни тўхтатиб қўйган сиёсатини ноқонуний деб топиб, бекор қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Судья АҚШ Давлат котиби Марко Рубио мазкур сиёсатни жорий этиш орқали ўзининг қонуний ваколатларидан ошиб кетганини таъкидлаган.
Давлат департаменти томонидан январь ойида жорий этилган сиёсат Бразилия, Колумбия, Уругвай, Босния ва Герсеговина, Албания, Покистон ҳамда Бангладеш каби давлатлар фуқароларига таъсир кўрсатган. Шунингдек, Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги қатор давлатлар ҳам рўйхатга киритилган.
АҚШ ҳукумати мазкур чекловни ушбу давлатлардан келаётган иммигрант визаси талабгорларининг АҚШ федерал, штат ва маҳаллий ресурсларига таяниб қолиш хавфи юқори экани билан изоҳлаган.
Судья Варгас қарорда сиёсат иммигрант визаларини талабгорнинг фуқаролигига қараб оммавий равишда тақиқлагани АҚШ иммиграция қонунчилигида белгиланган тартибга зид эканини қайд этган. У Давлат котибининг консуллик ходимларига иммигрант визаларини кўриб чиқишни бундай тарзда тўхтатиш ваколатига эга эмаслигини билдирган. Қарор иммигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда визага мурожаат қилган шахслар ва АҚШ фуқаролари томонидан берилган даъво доирасида чиқарилган.
Судьянинг қарори Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши навбатдаги муҳим суд қарори бўлди. Маъмурият иммиграция бўйича қатъий чораларни мамлакат хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса айрим чоралар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига зарар етказаётганини таъкидламоқда. Давлат департаменти ҳозирча суд қарорига муносабат билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти 175 мингдан ортиқ хорижликнинг визасини бекор қилганди. Уларнинг аксарияти жиноят содир этгани ёки виза шартларини бузгани сабабли мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси