Эрдўғанни Саддам осилган дор кутяптими?
Таҳлил
−
30 Июль
19221Бутун дунё Париж Олимпиадасидаги шармандали очилиш маросимини муҳокама қилаётган бир пайтда Яқин Шарқда яна янги можаро бўй кўрсатди. Бу сафаргиси жуда жиддий. Исроил томонидан босиб олинган Голан тепаликларига ракета ҳужуми уюштирилиши оқибатида Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида кенг кўламли тўқнашув келиб чиқиш эҳтимоли ортиши билан бирга минтақада жуда йирик эскалация учун оғзаки қадамлар ҳам ташланди. Гап Яқин Шарқдаги Исроилга қарши ягона овози баланд лидер ва минтақадаги тажовузкор режим ўртасидаги даҳанаки жанг ҳақида кетяпти.
Голанда нималар содир бўлди?
27 июль куни Исроил оккупацияси остидаги Голан тепаликларига уюштирилган ракета ҳужумида 12 киши ҳалок бўлди ва 30 киши яраланди. Яқин Шарқда қандайдир можаро пайдо бўладиган бўлса, Қўшма Штатлар ва унинг кислород қопчасидан нафас олувчи Исроил томонидан дарҳол айбланадиган Эрон ва унинг қўллови остидаги гуруҳлар бу сафар ҳам айблов нишонидан ўрин олди. Исроил хавфсизлик кучлари тепаликдаги Маждал Шамс қишлоғига Ливандан ҳужум содир этилди деган хулосага келди. Мамлакатнинг ҳарбий воизи Даниэль Хагари ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам борлигини айтиб ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини шанба кунги ҳужумни содир этганликда айблади. Бу шунчаки қуруқ айблов бўлмасдан, унинг ўзига хос таҳдиди ҳам мавжуд бўлиб, Ҳагарий бу иш учун “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати жазоланишини ҳам айтиб ўтди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ” ўз баёнотида ўтган ҳафтанинг шанба кунида содир бўлган ушбу ҳужум учун жавобгарликни тезда рад этди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ва Исроилнинг Ғазо ҳамда Фаластин халқига нисбатан агрессиясига қарши турувчи ушбу ҳаракат ўтган йил октябрь ойидан буён Исроил-Ливан чегарасига яқин ҳудудларда Исроил кучлари билан курашиб келмоқда.
Яқин Шарқдаги олов градуси ошди
Ўзи шундоқ ҳам доимий ёнғинлар ичида бўлган Яқин Шарқдаги жазирама ҳарорат градуси мазкур учирилган ракета туфайли янада юқорилади. Ушбу воқеадан сўнг АҚШда ялло қилиб юрган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху океан ортига қилган сафарини муддатидан олдин якунлади ва Исроилга қайтди. У, шунингдек, Исроилдаги друзлар жамоаси раҳбарига телефон орқали қўнғироқ қилиш чоғида “Ҳизбуллоҳ” ҳозиргача тўламаган оғир нархни тўлашини айтди. Аммо мутахассислар бу воқелик икки томон ўртасида кенг кўламли урушни келтириб чиқариш учун камлик қилишини айтмоқда. Сиёсий таҳлилчи Ори Голдбергнинг айтишича, ҳужум Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида “умумий урушга” олиб келиши даргумон ва Ал-Жазирага берган хулосасида бу фикрини қуйидагича баён қилди:
“Иккала томон ҳам кенг қамровли урушни хоҳламайди, бу жуда аниқ маълум бўлди. Ҳужум Исроилнинг ўрта қисмида эмас, балки унинг чеккасида содир бўлди. Менимча, бу бизни умумий урушга олиб бориш учун етарли бўлмайди”.
Можаро ўз йўлига, аммо ракета ҳужуми уюштирилган Голан тепалиги ва Маждал Шамс қишлоғи қаерда ва у ҳозир кимнинг назорати остида ва аслида кимнинг ери эканлиги эса алоҳида масаладир. Голан тепаликлари, 1200 квадрат километрлик плато бўлиб, бу ерни Исроил 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин ноқонуний тарзда қўлга киритган. 1981 йилда эса уни расман аннексия қилганини эълон қилган. Аммо мазкур ерлар аслида тарихан Сурия ҳудудига тегишли бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Исроил оккупантларининг бу ҳаракатини бир овоздан қоралаганди. Голан Суриянинг олдинги лидери Ҳофиз Асад ва Исроил элитаси ўртасида доимий мунозараларга сабаб бўлган. Аммо Суриядаги ҳокимият Ҳофизнинг ўғли Башар Асадга ўтиши билан у бу ҳудуд масаласида Исроил билан консенсусга келади ва платони Исроил бошқаруви остида қолдиради. Маълумотларга кўра, бугун ушбу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг кўпчилиги суриялик друз номли аҳоли бўлиб, уларнинг аксарият қисми Исроил фуқароси ҳисобланади.
2 раундли дипломатик жанг
Голандаги ҳалокат ва бунинг оқибатида Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги кескинлик ошиши фонида Яқин Шарқ ва унга туташ ҳудудлардаги ташқи таъсирлардан ҳоли бўлган ўта мустаҳкам лидер Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жуда жиддий риторик позицияга ўтди. У якшанба куни воқеадан бир кун ўтиб, “Адолат ва Тараққиёт” партияси йиғилишида Ливан ва Исроил чегарасидаги зиддият кучайгани баҳонасида Нетаньяху ва унинг жамоасига ўта хавотирли мессеж йўллади.
“Биз жуда кучли бўлишимиз керак, шунда Исроил Фаластинга бундай ишларни қилолмайди. Туркия Қорабоғ ва Ливияга киргани каби, Исроилга ҳам кириши мумкин. Буни қилмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Биз бу қадамларни қўйиш учун кучли бўлишимиз керак”.
Исроилнинг 10 ойдан буён давом этиб келаётган Ғазодаги зўравонликлари оқибатида сабр-косаси тўлган Туркия Президенти ниҳоят ўзининг жиддий ва мақсадли сўзларини айтди. Таҳлилчиларга кўра, бу Эрдўғаннинг олдинги сигналларидан тубдан фарқ қилади ва ушбу сафаргиси жуда жиддийдир. Кутилганидек, Туркия Президентининг Исроилга қўшин киритиш таҳдиди жавобсиз қолмади. Тель-Авивнинг жавоби ўзини узоқ куттирмади. Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац Эрдўғанга қўрқинчли ўзиникидан кам бўлмаган таҳдидли баёнет берди. У ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Саддамнинг сўнгги кунлари акс этган ва Эрдўған суръати бирлашган пост жойлаштириб, қуйидаги хабарни қолдирди.
“Эрдўған Саддам Ҳусайн изидан бориб, Исроилга ҳужум қилиш билан таҳдид қилмоқда. Ироқда нима бўлганини ва ҳаммаси қандай тугаганини эслаб қолсин”.
Кац бу хабари орқали Яқин Шарқдаги мустақил ва Ғарб томондан бошқарилиши имконсиз бўлган ёки Исроилга қарши очиқдан-очиқ ҳаракатлар қилган лидерларнинг тақдири жуда ёмон тугаганини эслатди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ростдан ҳам Исроил режимига ва унинг оккупацион сиёсатига қарши турган энг асосий икки шахс Саддам Ҳусайн ва Муаммар Каддафийнинг сиёсий умри ўз умри билан бир вақтда ўта аянчли тарзда тугаганди. Исроилнинг айни дамдаги Ташқи ишлар идораси раҳбари ўзининг бу баёноти орқали Саддамнинг осилиши ва Ироқ кулини кўкка совурилишида ўз қўллари бор эканлигини очиқлаб қўйди. Бу икки давлат ўртасида старт олган даҳанаки сиёсий жангнинг биринчи раунди эди. Туркия томонининг зудлик билан Кацнинг сўзларига қарши берган баёноти тўқнашувнинг иккинчи раундини бошлаб берди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг эслатмасига ўзига хос тарихий эслатма билан жавоб қайтарди.
“Биньямин Нетаньяху геноцидининг охири Гитлер геноциди каби якун топади. Фаластинликларни йўқ қилишга уринганлар учун вақти келиб албатта жавобгарликка тортилади”.
Туркиянинг ушбу ҳақли ва жиддий баёнотига Исроил оккупантлари тўғридан тўғри жавоб қайтармади. Аммо Исроилнинг бир қанча давлат телеканаллари эфирлар вақтида Эрдўған таҳдидни тўхтатмаса, унинг йўқ қилиниши ҳақида огоҳлантирувчи сигналлар берди. Бундан ташқари, мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеалар ортидан Ғарбга зудлик билан нолиган ҳолда Туркияни НАТОдан чиқариб юборишни сўради. Бу ҳақда вазирлик ўзининг расмий баёнотида маълум қилди.
“Туркия Президенти Эрдўғаннинг Исроилга бостириб кириш таҳдиди ва унинг хавфли риторикасидан келиб чиққан ҳолда, Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац дипломатларга... НАТОнинг барча аъзолари билан зудлик билан ҳамкорлик қилиш, Туркияни қоралаш ва уни минтақавий альянсдан чиқариб юборишни талаб қилиш ҳақида кўрсатма берди”.
НАТО аъзоси сифатида Туркияга альянснинг ҳеч бир давлати ҳужум қила олмайди. Агар Исроилнинг НАТОга қилган бу мурожаатини чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, буни жуда жиддий ҳаракат деб қабул қилишимиз мумкин. Расмий Тель-Авив Туркияни НАТО чегарасидан чиқариш орқали у билан ҳарбий можарога қўл уришни осонлаштиришни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. Негаки альянс ичидаги давлат билан ҳарбий тўқнашув қарши томон учун бир эмас, балки нақ 32 та рақибни қаторлаштиради.
Туркиянинг муваффақиятли аралашувлари ва тарихдаги адолатли якунлар
Эрдўғаннинг Исроил ҳудудига кириш таҳдиди Нетаньяху ва унинг кабинетини титратгани бежиз эмас. Сабаби Анқаранинг шу пайтгача амалга оширган ҳарбий интервенциялари ва бошқа турдаги аралашувлари кўп ҳолларда муваффақиятли чиққан. Бундан ташқари, агар икки давлат ўртасида қуролли можаро бошлангудек бўлса ва бунга АҚШ аралашмаса бу Исроил учун даҳшатли якун билан тугаши мумкин. Чунки ҳарбий салоҳият, мудофаа тизимидаги инновациялар ва армиялар ўртасидаги фарққа кўра бугун мутахассислар орасида Исроил Туркия учун бир ютумлик ўлжа бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳам йўқ эмас. Ҳарбий аралашувга тўхталадиган бўлсак, Туркия бу борада мастеркласс ўташи мумкин. Хусусан, 2020 йилда Туркия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган Ливия Миллий бирлиги ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ливияга ҳарбий хизматчиларни юборди. Триполидаги Миллий бирлик ҳукуматига раҳбарлик қилаётган Ливия Бош вазири Абдулҳамид ал-Дбейба Туркия томонидан қўллаб-қувватланади. Тоғли Қорабоғ эса алоҳида мавзу бўлиб, бу ўша пайтда турк мудофаа тизими ва саноати қудрати учун яхшигина ПР бўлиб хизмат қилганди. Туркия Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларида тўғридан-тўғри роль ўйнаганини рад этганди, бироқ ўтган йили яқин иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун “барча воситалар”, жумладан, ҳарбий тайёргарлик ва модернизациядан фойдаланаётганини айтди. Байрактар эса ушбу урушда Қорабоғни асл эгасига қайтаришдаги энг асосий ва муҳим инструмент вазифасини ўтаб бергани ҳеч кимга сир эмас.
Шундай қилиб, жорий йил июль ойининг сўнгги кунларидаги сиёсий кескинлик келажакдаги кўплаб масалаларнинг тақдирини белгилаб бериши мумкин. Ўз жавобини кутаётган саволлар ва тахминлар эса иккита. Эрдўған Исроил айтганидек Саддам Ҳусайн тақдири билан юзлашадими ёки Ғазодаги геноцид ва бегуноҳлар қирғинининг муаллифи бўлганлар Гитлер каби жуда хунук якун билан тўқнашадими, бу айни дамда барчани ўйлантириб қўйган мавҳумлик бўлиб қолди. Аммо ҳозирча фақатгина бир нарса аниқ. Гитлер қилмиши оқибатида ўз якунини ўз қўли ва қарорлар оқибатида хор қилди. Унинг тирик қолган шериклари Нюрнберг трибуналида ўз улушларини олишди. 90 йилларда 8 мингдан ортиқ Сребреницалик Босния мусулмонларини бир неча кун ичида шафқатсизларча қириб ташлаганлар бугун умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган ҳолда зах панжара ортида ўз ўлимини кутмоқда. Эрдўған айтганидек, Сребреницадаги геноцидни уюштирганлар ўз қилмишига яраша жавоб бергани каби Ғазодаги 40 минг мусулмоннинг қонини дарё қилиб оқизганлар бир кун келиб ўз жазосини топади. Шундай экан, тегирмон навбати билан…..