“Рус халқидан кечирим сўрайман”. Эдуард Шарлот ҳибсга олинди
Маданият-санъат
−
02 Декабрь 2023
17019Россиялик хонанда Эдуард Шарлот ҳибсга олинди ва судда россияликлардан кечирим сўради. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Билдирилишича, қўшиқчи 22 ноябрга ўтар кечаси Арманистондан келганида Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортида қўлга олинган. У учта жиноий иш бўйича айбланмоқда. Улардан иккитаси нацизмни тарғиб қилиш, учинчиси эса виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқини бузиш моддаси бўйича очилган. Ушбу айбловларга хонанданинг Instagram саҳифасида эълон қилган видеолари сабаб бўлган.
Гап шундаки, июнь ойида хонанда Россия паспортини ёқиб юборгани акс этган видеони Instagram саҳифасида эълон қилган ва ортиқ ўзини Россия фуқароси деб ҳисобламаслигини айтган. Шунингдек, видеода Украина расмийларига мурожаат қилиб, урушга қаршилигини ва Киевга боришни истаётганини билдирган. Ноябрь ойининг ўрталарида эса Шарлот обуначиларидан Россияга қайтиш чиптаси учун пул сўраган.
Бундан ташқари, июль ойида хонанда рус православ черкови патриархи Кириллнинг фотосурати ва ўзининг ҳарбий гувоҳномасини хочга михлаб қўйгани акс этган видеони ижтимоий тармоқ орқали тарқатган. Шундан сўнг ноябрь ойида Эдуард Шарлот устидан Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига шикоят келиб тушган. Унда Шарлотни диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилгани ва давлат рамзларини таҳқирлагани учун жавобгарликка тортиш, шунингдек, Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш талаб қилинган.
Иш Россиянинг Самара шаҳри Киров туман судида кўриб чиқилди. Қарорга кўра, хонанда 2024 йил 24 январгача ҳибсга олинди. Шарлот суд мажлисида маъмурий ҳибсдалигида ёзган шеърини ўқиб берди ва қўполлик қилгани учун россияликлардан кечирим сўради.
Маълумот учун, Самарада туғилган Эдуард Шарлот россиялик қўшиқчи ва блогер бўлиб, у ўзининг "Cheek to cheek" қўшиғи (YouTube'даги кўришлар сони 14,5 миллионта) ва таниқли шахслар, мусиқачилар ҳамда блогерлар ҳақидаги видеолари билан машҳур.
LiveБарчаси