Руминияга бир ҳафта ичида иккинчи марта рус дронларининг парчалари тушди
Олам
−
10 Сентябрь 2023
4120Кеча, 9 сентябрь куни Украинанинг Измаил шаҳри яқинида жойлашган Плауру қишлоғидан икки ярим километр узоқликда Россия армияси ишлатганига ўхшаш дрон парчалари топилган. Бу ҳақда Руминия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Руминия ҳарбийлари дрон қолдиқлари тушган ҳудудни ўраб олган, топилган парчалар таҳлил ва техник экспертиза учун топширилади.
“Миллий мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси томонидан Дунай дарёсидаги Украина портларида фуқаролик инфратузилмасининг айрим объектларига қилинган ҳужумларни кескин қоралайди. Бу ҳужумлар асоссиз ва халқаро гуманитар қонунларга жиддий зиддир, чунки улар уруш жиноятларини ташкил этади”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Вазирликка кўра, Руминия ҳарбийлари ҳушёр ҳолатда ва иттифоқ тузилмалари билан ҳам алоқада бўлиб, улар билан реал вақт режимида маълумотлар алмашилади.
Руминия ҳукумати Плауру қишлоғи Украинага яқинлиги сабабли аҳолини эвакуация қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги шу ҳафта бошида Россия дронининг қисмлари 4 сентябрь куни Руминия ҳудудига қулаганини билдирганди.