Руминия Молдова билан бирлашмоқчи. Депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллади
Олам
−
25 июн 5125 3 дақиқа
Руминиянинг Молдова билан бирлашиши ҳақидаги қонунчилик ташаббуси уни кўриб чиқиш муддати тугаганлиги сабабли Руминия Депутатлар палатаси томонидан овоз беришсиз маъқулланди. Бу ҳақда “Digi24” телеканалига таяниб, “Европейская правда” хабар берди.
Қайд этилишича, ўта ўнгчи “S.O.S. România” партияси депутатлари томонидан 14 апрель куни парламент қуйи палатасига киритилган ушбу қонунчилик ташаббуси қонунчилар у бўйича мунозаралар ёки якуний овоз беришни бошламагани сабабли 45 кунлик муддат ўтгандан кейин маъқулланган деб ҳисобланади.
Эндиликда Молдова билан бирлашиш тўғрисидаги лойиҳа якуний қарор қабул қилиш учун Руминия Сенатига йўлланади.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси ҳукумат, шунингдек, Депутатлар палатасининг юридик ва инсон ҳуқуқлари қўмиталари томонидан салбий хулоса олган.
Агар ҳужжат маъқулланса, у Руминия ҳукуматига икки давлатнинг эҳтимолий бирлашиши бўйича Молдова билан зудлик билан музокаралар бошлаш ваколатини беради. Қонунчилик таклифи матнига кўра, қонун қабул қилиниб, расмий газетада чоп этилганидан сўнг, тегишли халқаро органлар, Молдова ҳукумати, АҚШ, НАТО, БМТ ва Европа Иттифоқи қонун қоидалари бажарилганлиги ҳақида хабардор қилинади.
Руминия Президенти Никушор Дан Руминиянинг Молдова билан бирлашиши сценарийси қўшни давлат аҳолисининг аксарияти буни хоҳлаган тақдирдагина амалга ошиши мумкинлигини маълум қилган.
Бундан олдин Молдова Президенти Майя Санду агар Республикада Руминия билан бирлашиш бўйича референдум ўтказилса, у “ҳа” деб овоз беришини маълум қилган.
Бош вазир ўринбосари Эужен Осмокеску эса агар Молдованинг ЕИга аъзо бўлиш йўли қийинлашса ёки тўсиб қўйилса, мамлакат қўшни Руминия билан бирлашиш имкониятини кўриб чиқишини билдирган.
Маълумот учун, Руминия ва Молдова – жануби-шарқий Европада жойлашган, умумий тарих, маданият ва тил бирлиги билан чамбарчас боғланган икки қўшни давлатдир. Бу икки мамлакат аҳолисининг катта қисми бир хил тилда (румин/молдован тили) гаплашади ва узоқ асрлик маданий илдизларга эга.
Руминия – Европа Иттифоқи (ЕИ) ва НАТО аъзоси бўлиб, минтақада анча барқарор иқтисодиёт ва ҳарбий салоҳиятга эга. Пойтахти – Бухарест шаҳри. Мамлакат сўнгги йилларда иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиб, суверен давлат сифатида Молдованинг халқаро майдондаги энг яқин ҳамкори ва қўллаб-қувватловчисига айланди.
Молдова – собиқ Иттифоқ таркибидан чиққан, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган нисбатан кичикроқ давлат. Пойтахти – Кишинёв. Иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва виночилик етакчи ўрин тутади. Айни пайтда мамлакат ташқи сиёсатда Европа Иттифоқига интеграциялашиш йўлини танлаган ва ЕИ аъзолигига номзод мақомига эга. Бироқ мамлакат ичида Россия таъсиридаги Днестрбўйи (Приднестровье) сепаратистик ҳудуди муаммоси ҳамон сақланиб қолмоқда.
Live
Барчаси