Руминия 10 минг нафар ҳарбий билан сафарбарлик машғулотларини бошлади

Олам

−

image

Руминия MOBEX Bucharest — Ilfov 26 номли сафарбарлик машғулотларини бошлади, унда 43 ёшдан 63 ёшгача бўлган 10 мингга яқин захирадаги ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда. Манёврлар 12 октябргача давом этади. Бу ҳақда Руминия Миллий мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, машғулотлар доирасида резервчилар уларнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш учун ҳарбий қисмларга бир кунга чақирилмоқда.

Машғулотлар бошланишидан олдин резервчилар тиббий ва психологик кўрикдан ўтишлари керак. Шундан сўнг улар тиббий, муҳандислик ва алоқа тайёргарлигини ўтайди, шунингдек, ажратилган қуроллардан отиш машқларини бажаради. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларга ўз бўлинмалари томонидан фойдаланиладиган техника ва асбоб-оскуналар намойиш этилади. Ушбу машғулотлар доирасида илк бор ҳарбий хизматчилар Бухарест гарнизони қуролланишига яқинда қабул қилинган 9 ммли тўппончадан ўт очади.

Миллий мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, MOBEX машғулотлари ҳар йили ўтказилади ва мамлакат мудофааси ҳамда хавфсизлиги учун масъул тузилмаларнинг шахсий таркиб ва моддий ресурслар билан таъминланганлик даражасини баҳолаш имконини беради. Маневрларда асоссиз равишда қатнашмаслик ёки иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва жаримага олиб келиши мумкин.

Бухарест ва Илфов уездида бу каби охирги машғулотлар ўтган йили бўлиб ўтган эди. Миллий мудофаа вазирлиги маневрлар режали хусусиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.

Машғулотлар НАТО мамлакатларининг Россия билан юзага келиши мумкин бўлган можародан хавотирланиши фонида бўлиб ўтмоқда. 5 октябрь куни “Bloomberg” альянс томонидан шарқий флангдаги мамлакатларга эҳтимолий ҳужумни қайтариш учун дронлар ва сунъий интеллект тизимларидан фойдаланишни кўзда тутувчи стратегия тайёрлангани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг