Россиядаги қурол-яроғ омборида ёнғин чиқиб, портлашлар бошланди
Олам
−
08 Октябрь 2020
11094Кеча, 7 октябрь куни Россиянинг Рязан вилояти Желтухино қишлоғи яқинидаги қурол-яроғ омборида ёнғин юз берди ва у ердаги снаряжларнинг портлашига олиб келди. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.
Ғарбий ҳарбий округ маълумотига кўра, дастлаб ҳарбий қисмда қуруқ ўт ёнган, аммо аланга кучли шамол сабаб артиллерия қуроллари сақланаётган майдонга ҳам етиб борган.
Алангани ҳарбий қисмдаги ўт ўчирувчилар гуруҳи билан бартараф этишга ҳаракат қилинган. Бироқ унинг тарқалишини тўхтатишнинг имкони бўлмаган. Ҳарбий қисмдагилар эвакуация қилинган.
Шундан сўнг, ФВВ мутахассислари омбордан бир неча километр узоқликдаги қишлоқ аҳолисини ҳам эвакуация қила бошлаган. Расмий маълумотларга кўра, 2,3 минг одам кўчирилган.
Снарядларнинг атрофга сочилаётган парчалари ҳарбий қисмдан 3 километр узоқликдаги Кузьминки-2 қишлоғида ўтларнинг ёнишига сабаб бўлган.
Ёнғинга қарши курашда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, шунингдек, бир неча ўнлаб ҳарбийлар иштирок этмоқда, махсус ҳарбий техника жалб қилинган – иккита ўт ўчириш танки ва зирҳли ўт ўчириш машиналари.
Бундан ташқари, ФВВ воқеа жойига ўт ўчирувчи поездни юбориб, Ил-76 самолёти ва иккита Ми-8 вертолётини шай ҳолатга келтирди. Ёнғинни ўчиришга махсус роботлар ҳам ёрдамлашяпти. Мудофаа вазирлиги шунингдек, ушбу жойга тўртта Ил-76 самолётини юборди.
Ёнғинни ўчиришга ҳудуддаги кучли шамол ва ҳар 10 секундда портлаётган қуроллар қийинчилик туғдиряпти. Ёнғин ҳудуди кенгайишда давом этяпти.
Гувоҳлар бир қанча кучли портлаш бўлганини айтди. Портлаш тўлқини ва снаряд парчалари бир неча ўнлаб турар-жой биноларининг деворлари ва деразаларига зарар етказди. Ҳодиса ҳозиргача 10 киши жароҳатланган.
Тергов қо'митаси қурол билан муомала қилиш қоидаларини бузиш бўйича жиноий иш қўзғади. Ёнғин содир бўлган жойга тергов гуруҳи борди.
Рязан вилоятида фавқулодда режим жорий этилди. Аҳолини эвакуация қилиш ёнғин эпицентридан 25 км радиусда амалга ошириляпти.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь