Россия Амударё, Сирдарё ва Орол учун 33 млн доллар ажратди – Путин
Олам
−
10 Октябрь 10700 2 дақиқа
Россия Марказий Осиё давлатларига 33 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди, бу маблағлар Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини мониторинг қилиш, сувни тежаш технологияларини жорий этиш ва Орол денгизида ўрмонзорлар барпо этишга йўналтирилди. Бу ҳақда кеча, 9 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган “Россия – Марказий Осиё” иккинчи саммитида сўз очди.
Путинга кўра, 2024 йилда Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 45 миллиард доллардан ошган. У бу рақамни Беларусь билан бўлган 50 миллиард долларлик савдо ҳажми билан солиштириб, минтақанинг улкан иқтисодий салоҳиятига эътибор қаратган.
Шунингдек, Путин 2025 йилнинг январь–июль ойларида савдо ҳажми яна 4 фоизга ўсганини, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталарга ўтиш жараёни бошланганини, банклар ўртасида тўғридан тўғри ҳисоб рақамлари очилаётгани ва Россия инвестициялари ҳажми 20 миллиард доллардан ошганини маълум қилган.
У, шунингдек, Россия Марказий Осиё давлатларига 33 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратгани, бу маблағлар Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини мониторинг қилиш, сувни тежаш технологияларини жорий этиш ва Орол денгизи тубида ўрмонзорлар барпо этишга йўналтирилганини таъкидлаган.
Россия Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) доирасидаги имкониятларни ҳам эслаб ўтган. Унинг сўзларига кўра, ЕИИга аъзо бўлмаган давлатлар ҳам Евроосиё барқарорлаштириш ва ривожланиш жамғармаси орқали 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ олган. Евроосиё тараққиёт банки эса Марказий Осиёда 8,7 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштирган.
Путин таълим ва гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам кенгайиб бораётгани, Россияда Марказий Осиёдан 212 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётганини, 25 та Россия олийгоҳи минтақада филиал очганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммитда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари сурганди.
Live
Барчаси