Россиянинг яна бир ҳудудида мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланди
Олам
−
02 Январь
13337Кузбассда 2024 йил 1 январидан бошлаб мигрантларни бир неча соҳаларда ишлашга жалб этиш тақиқи кучга кирди. Аввалроқ бу ҳақдаги тегишли қарорни Кемерово вилояти губернатори Илья Середюк имзолаганди.
Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик субъектларига меҳнат патентига эга хорижий фуқароларни болалар овқатлари ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга жалб этиш мумкин эмас. Шунингдек, мигрантларни такси ва автомашиналарда ҳайдовчи бўлиб ишлашга, меҳмонхона хўжалигига, ишга жойлаштириш ва кадрлар танлаш, барча даражадаги таълим муассасаларига, умумий ва махсус тиббий амалиётга, косметология, массаж салонлари ва бошқа соҳаларга жалб қилиш тақиқланади.
Ҳудуддаги корхоналарга ўз ишини қарор талабларига мувофиқлаштириш учун уч ой муддат берилади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Кузбассда жами 8 мингга яқин мигрант патент билан ишламоқда.
Аввалроқ муҳожирлар учун худди шундай тақиқлар Курган, Магадан ва Тула вилоятлари раҳбарияти томонидан киритилган эди. Ноябрь ойи бошида Челябинск вилоятида хорижликларнинг такси ва автобусларни бошқаришига қўйилган тақиқ 2024 йилгача узайтирилган. Тюмен вилоятида ҳам ушбу чеклов амалда.
Маълумот ўрнида,2022 йилда "Справедливая Россия – За правду" партияси етакчиси Сергей Миронов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига чет эл фуқароларининг мактаб, транспорт ва тиббиёт муассасаларида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этганди.
LiveБарчаси