Россиянинг учта вилоятида аксилтеррор операцияси режими жорий қилинди
Олам
−
10 Август
7669Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников қарори билан Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Бу ҳақда Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси хабар берди.
Қўмита “Украина ҳарбийлари ва разведка хизматлари мамлакатнинг бир қатор минтақаларида вазиятни беқарорлаштиришга мисли кўрилмаган уринишлар қилганини” таъкидлади.
“Украина Қуролли кучлари бўлинмалари томонидан Курск вилояти ҳудудида амалга оширилган теракт оқибатида тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлди, турар-жой бинолари ва бошқа фуқаролик объектлари вайрон бўлди. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва душманнинг диверсия-разведка кучлари томонидан террорчилик ҳаракатлари таҳдидини бостириш мақсадида Миллий аксилтеррор қўмитаси раиси, Россия ФХХ директори Бортников Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида 2024 йил 9 августдан бошлаб аксилтеррор операцияларини ташкил этишга қарор қилди”, дейилади қўмита хабарида.
Қўмита ушбу ҳудудларда тегишли ҳуқуқий режим жорий этилганлигини ва “Терроризмга қарши курашиш тўғрисида” 2006 йил 6 мартдаги 35-ФЗ-сонли Федерал қонунининг 11-моддасига мувофиқ зарур чоралар ва вақтинчалик чекловлар қўлланилишини билдирди.
“Давлат органлари томонидан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва объектларнинг терроризмга қарши ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Украина армияси 6 август куни Россия Федерациясининг Курск вилоятига ҳужум бошлаганидан сўнг икки армия ўртасида шиддатли тўқнашувлар бошланди. Россия томони минтақага ҳужум оқибатида 4 киши ҳалок бўлганини ва 30 дан ортиқ киши жароҳатланганини расман тасдиқлади.
Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск вилоятидаги вазият федерал фавқулодда ҳолат сифатида таснифланганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Курскдаги жанглар оқибатида Украина армияси 945 нафар ҳарбий хизматчи ва 102 та зирҳли техникани йўқотганини маълум қилди.
LiveБарчаси