Россиянинг санкциядаги газ танкери чўкиб кетди

Олам

image

3 март куни кечқурун Мальта ҳудудий сувлари яқинида Россияга тегишли, санкция рўйхатига киритилган “Арктик Метагаз” танкерида ёнғин чиқиб, у кейинчалик чўкиб кетди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Россия Транспорт вазирлиги эълон қилинган баёнотга кўра, 3 март куни Европа Иттифоқига аъзо Мальта давлати ҳудудий сувлари яқинида Россиянинг газ ташувчи кемасига ҳужум қилинган. Кема Мурманск портидан халқаро қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган юк билан йўлга чиққан.

Россия томонининг иддао қилишича, кемага Ливия соҳилидан учирилган экипажсиз катерлар орқали Украина ҳужум қилган.

Россия Президенти Владимир Путин “Москва. Кремль. Путин” дастури бошловчиси Павел Зарубинга берган интервьюсида бу ҳодисани Украина томонидан содир этилган “террористик акт” деб атаган. Унинг фикрича, бундай ҳужумлар жаҳон энергетика бозорларини издан чиқаради ва биринчи навбатда Украинага ёрдам бераётган Европа давлатларига зарба беради.

“Европа Иттифоқи Киев режимига чексиз равишда қурол ва молиявий ёрдам бермоқда, Киев эса Европа Иттифоқи учун муаммоларни бирин-кетин юзага келтирмоқда”, деган Путин.

Украина Хавфсизлик хизмати эса Ўрта ер денгизидаги танкер билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермаслигини маълум қилган.

Россия Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, кемада бўлган 30 нафар экипаж аъзоси – Россия фуқаролари қутқариб қолинган.

Аввалроқ, “Reuters” манбасига таяниб, кема Украина денгиз дрони томонидан ҳужумга учраган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. Агар бу тасдиқланса, бу Украина томонидан Россиянинг суюлтирилган табиий газ ташувчи танкерига қилинган биринчи ҳужум бўлади.

Санкциялар остидаги мазкур кема АҚШ ва Буюк Британия томонидан чекловлар жорий этилган танкерлардан бири ҳисобланади. MarineTraffic маълумотларига кўра, кема охирги марта 2 март куни Мальта соҳиллари яқинида жойлашганини хабар қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кемада кучли ёнғин чиққанини кўриш мумкин.

Украиналик блогер ва фаол Сергей Стерненко зарар кўрган кема суратларини эълон қилиб, у машиналар бўлими атрофида жиддий тешилиш олгани ва таъмирлаб бўлмас ҳолатга келганини айтган.

Мальта Қутқарув операциялари координация маркази кемадан фавқулодда сигнал келиб тушганини ва унинг жойлашуви аниқланганини маълум қилган. Мальта ҳарбийлари қутқарув операцияси ўтказиб, тирик қолганларни қутқарув қайиғида топган. Улар Ливиянинг қидирув ва қутқарув ҳудудида аниқланган.

Ливия порт маъмурияти маълумотига кўра, кема Сирт портидан тахминан 130 денгиз мили (240 км) шимолда тўсатдан юз берган портлашлар ва кучли ёнғиндан кейин тўлиқ чўкиб кетган.

Маълум қилинишича, кема тахминан 62 минг метр тонна суюлтирилган табиий газ ташиган ва Порт-Саид томон йўл олган.

Ливия Миллий нефть корпорацияси эса кема фақат Ўрта ер денгизининг марказий қисми орқали ўтиб кетаётганини ва улар фаолиятига алоқаси йўқлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа давлатлари Россиянинг “соя флоти” танкерларини мусодара қилиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия санкция танкер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made