Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради (видео)
Олам
−
12 Март
12408Россиянинг Иваново вилоятида бортида 15 киши бўлган Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради, бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
"12 март куни тахминан соат 13:00 да Иваново вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти режалаштирилган рейсга кўтарилаётганда ҳалокатга учради. Бортда саккиз нафар экипаж аъзоси ва етти нафар йўловчи бўлган", дейилади вазирлик баёнотида.
Воқеа жойидан олинган хабарга кўра, фалокатга самолётнинг кўтарилиши вақтида двигателлардан бирида ёнғин келиб чиққани сабаб бўлган.
Билдирилишича, Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондонлиги комиссияси самолёт ҳалокати сабабларини аниқлаш учун Иваново аэродромига жўнаб кетган.
Маълумот учун, Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти қўниш, шахсий таркиб, юк ва ҳарбий техникани ташиш учун мўлжалланган. 126 парашютчини парашютлар билан, бир қаватли версияда 145 нафар ва икки қаватли версияда 225 нафар ходимни ташишга қодир. Максимал фойдали юк 48 тонна, 40 тонна юк билан парвоз масофаси 4750 км.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Россия таркибидаги Карелия республикасида Ми-8 вертолёти Онега кўли узра парвоз пайтида ҳалокатга учраганди.