Россиянинг энг йирик нефть заводларидан бири ҳужумга учради

Олам

image

Бугун, 6 сентябрга ўтар кечаси дронлар Рязань ва Ростов вилоятларига ҳужум қилди. Бу ҳақда икки вилоят губернаторлари маълум қилди.

Рязань губернатори Павел Малковнинг билдиришича, дрон парчалари вилоятнинг маъмурий марказида ва Сапожок округида тураржой биноларига зарар етказган, корхоналардан бирида эса ёнғин чиққан. Ҳокимиятнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Малков ёнаётган корхона номини ошкор этмаган.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь Ростов-Дон ва Батайск шаҳарлари, шунингдек Матвеев-Курган, Мясников, Азов, Миллерово ва Чертково туманлари тепасида 30 га яқин дрон уриб туширилгани ҳақида ҳисобот берган. Ростовнинг Совет туманида иккита кўп қаватли уйга зарар етган: бирида юқори қаватлар, иккинчисида эса томи ва ойналари шикастланган. Ленин туманида хонадон ва тураржой уйининг деразалари, Киров туманида эса хонадон ва балкон ойналари зарар кўрган.

Уч кишига тиббий ёрдам талаб этилган, улардан икки нафари, шу жумладан бир бола шифохонага ётқизилган. Зарар кўрган уйлар аҳолиси эвакуация қилинган. Азов туманида тўртта шахсий хонадоннинг деразалари синган ва фасадлари шикастланган, Батайск ва Мясников туманида эса боғдорчилик ширкатларидаги уйлар жабр кўрган. Чертково туманида дрон парчалари локомотивга зарар етказган, бунинг оқибатида еттита йўловчи поезди тахминан уч соатга ушланиб қолган.

Рязань ОАВларининг ёзишича, аҳоли ҳужум хавфи ҳақидаги биринчи огоҳлантиришни маҳаллий вақт билан соат 02:00 да олган, соат 07:30 да эса ҳокимият хавф ҳануз сақланиб қолаётгани ҳақида яна огоҳлантирган. Шаҳар аҳолиси кучли портлаш овозларини эшитган, хавф вақти тугагани соат 09:13 да эълон қилинган. Ростов нашрлари маълумотларига кўра, ертлабки соат бешлар атрофида шаҳар марказида учаётган дроннинг ўзига хос овози эшитилган, шундан сўнг портлаш юз берган.

“Astra” ўқувчиларининг сўзларига кўра, дронлар Ростов тепасида тўрт соатдан ортиқ вақт давомида айланиб юрган, шаҳарда эса отишма ва вертолёт шовқини эшитилган. Гувоҳлар томонидан эълон қилинган тасвирларда бир нечта қаватларидаги дераза ромлари сурилиб кетган тураржой уйини кўриш мумкин. Нашрнинг OSINT-таҳлилчиси бино Ткачев кўчаси, 14-уй манзилида жойлашганини аниқлаган.

Рязанда ҳужум нишони Рязань нефтни қайта ишлаш заводи бўлган. Ҳокимият бу маълумотни расман тасдиқламаган ва фақат номи ошкор этилмаган корхонадаги ёнғин ҳақида хабар берган.

Рязань НҚЗ “Роснефть” таркибига киради ва Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Унинг лойиҳавий қуввати йилига тахминан 17 миллион тонна нефтни ташкил этади. Завод автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, авиация керосини, мазут, суюлтирилган газ, битум ва нефть-кимё хомашёси ишлаб чиқаради. Корхона 2026 йилнинг май ва июль ойларида ҳам ҳужумларга учраган.

Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада Украинанинг 258 та дрон уриб туширилгани ва йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берган. Идора маълумотларига кўра, дронлар Белгород, Брянск, Волгоград, Воронеж, Калуга, Курск, Липецк, Орёл, Ростов, Рязань, Саратов, Тамбов ва Тула вилоятлари, Краснодар ўлкаси, аннексия қилинган Қрим, шунингдек Азов ва Қора денгизлар тепасида уриб туширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг