Россиянинг айрим ҳудудларида ўқиётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат берилди
Жамият
−
01 Ноябрь 2022
6006Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
Қайд этилишича, талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилади.
Маълум бўлишича, ўқишни кўчириш бўйича аризалар жорий йилнинг 1 ноябрдан 20 ноябрига қадар (шу куни ҳам) Давлат тест марказининг my.dtm. uz сайти (“Россия Федерациясидан ўқишни кўчириш” бўлими) орқали қабул қилинади.
Шунингдек, талабаларнинг ҳақиқатда муайян ОТМда таҳсил олганлигини текшириш 25 ноябрдан 15 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат бериш бўйича қарор республика ОТМларининг идоравий бўйсунувидан қатъи назар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади;
ДТМга кўра, фуқароларнинг Россия Федерациясидаги муайян ОТМда ҳақиқатда ўқиётганлиги аниқланмаса, уларнинг ўқиши кўчирилмайди.
Ўқиши кўчирилган талабаларнинг ўқишини мос курсдан давом эттиришига истисно тариқасида рухсат берилади. Бунда аниқланган фанлар фарқи 2022-2023 ўқув йили давомида бепул топширилади.
LiveБарчаси